Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали томонидан ветеринария мутахассислари малакасини ошириш бўйича ўқув форуми ўтказилди.

Осиё тараққиёт банки иштирокида ўтказилган форумдан кўзланган асосий мақсад соҳада фаолият олиб бораётган кадрларнинг малакасини ошириш, уларда янги ва замонавий билим кўникмаларини шакллантириш,  кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, халқаро ва маҳаллий малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда билим беришни ташкил этишдан иборат.

Унда соҳа вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, қўмитанинг шаҳар ва туман бўлимлари мутахассислари, халқаро ва миллий маслаҳатчилар,  фермер хўжаликлари раҳбарлари, филиал профессор ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ташкил этилаётган ўқув форумининг бош мақсади ва ундан кутилаётган натижаларга тўхталди. Жумладан, ҳиндистонлик профессор Мандава Субба Рао, лойиҳа мутахассиси М.Эранов, лойиҳанинг миллий маслаҳатчилари С.Абдалимов ва Ж.Юлчиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда ветеринария соҳасида эришилган ютуқлар ва муаммолар, кадрларни тайёрлашда замонавий ёндашув ҳақида тўхталди.

Лойиҳани   амалга   ошириш   гуруҳи   вакиллари    томонидан   19-20 май кунлари Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида, 22-23 май кунлари эса университетнинг Тошкент филиалида ветеринария мутахассислари учун узлуксиз таълим дастурига бағишланган ўқув форумлари ўтказилди.

  Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА