Бухоро вилоятида 19 апрель куни Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш имконини берадиган бой углеводород захираларига эга. Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиёдаги барча минерал захираларнинг учдан бир қисми Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Мамлакатимиз газ қазиб чиқариш бўйича дунёнинг дастлабки йигирматалигига киради.
Ҳозирги босқичда тармоқнинг асосий иқтисодий йўналишларидан бири углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва ундан қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш ҳисобланади. Бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш учун мамлакатимизга нефть ва газ қазиб чиқаришда етакчи бўлган қатор йирик чет эл компаниялари жалб этилмоқда. Россиянинг “Лукойл” нефть компанияси билан ҳамкорликда “Қандим – Хаузак – Шоди – Кўнғирот” маҳсулот тақсимоти битими доирасида бунёд этилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси улардан биридир.
Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси таркибига газ қазиб олиш ва йиғиш тизими, иккита газни қайта ишлаш технологик тармоғи, маҳсулотларни ортиш ва ташиш учун терминаллар, магистрал газ қувури орқали табиий газни экспорт қилиш ҳамда муҳандислик ва энергоресурслар билан таъминлаш қурилмалари киради. Бу ерга газ иккита табиий газ йиғиш пунктига бирлаштирилган 114 қудуқдан келади.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг табригини ушбу мамлакатнинг энергетика вазири Александр Новак ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди.
– Биз бугун жуда муҳим воқеа гувоҳи бўлдик, – деди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. – Мен икки йил аввал мана шу мажмуа пойдеворига тамал тоши қуйилган кунни мамнуният билан эслайман. Қандим лойиҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида алоҳида ўрин тутади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Қандим мажмуаси Ўзбекистонга фақат табиий хомашё билан чекланиб қолмай, уни чуқур қайта ишлаш борасида ҳам катта имконият яратади.
Давлатимиз раҳбари мажмуанинг технологик жараёнини кўздан кечирди. Лаборатория ва марказий бошқарув пультида бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи давомида вилоят ва туманлар ҳокимлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, мутасаддилар билан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16-17 февраль кунлари вилоятга ташрифи асносида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб вилоятдаги тўрт сектор раҳбарлари, ташкилот ва идоралар масъуллари билан мулоқот қилди. Унда Президентимизнинг жорий йил 2 март куни вилоятга ташрифи чоғида белгиланган вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди. Вилоят ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Шавкат Мирзиёев «Навоийазот» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.
Хусусан, жамият ҳудудида учта йирик инвестицион лойиҳа – Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳамда Азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши қизғин давом этмоқда. Ушбу корхоналарга замонавий, тежамкор технологик ускуналар ўрнатилади.
Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Қурилиш ишларини Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва «HQC (Shanghai)» компаниялари консорсиуми ҳамда юртимиз мутахассислари амалга оширмоқда.
Қурилиш ишларида 197 замонавий техника, 1280 ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонани малакали ходимлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу ерга ўрнатиладиган замонавий ускуналарни бошқариш учун мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида муҳандис-технолог, механик, энергетик, иқтисодчи ва дастурчилар тайёрланяпти. Ишчиларнинг асосий қисми Навоий шаҳридаги касб-ҳунар коллежларида тайёрланади.
“Навоийазот” акциядорлик жамиятининг мавжуд энергия сарфи юқори бўлган аммиак ишлаб чиқариш 1-2 навбатларини эксплуатациядан чиқариш кўзда тутилган. Хусусан, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, шунингдек, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади. 500 га яқин иш ўрни яратилади.
Акциядорлик жамиятининг азот ишлаб чиқариш бўйича эски 1-2 навбатлари ҳам эксплуатациядан чиқарилмоқда. Яъни келаси йили яна бир лойиҳа – Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини ниҳоясига етказиш режалаштирилган. Техник иқтисодий асосларга мувофиқ умумий қиймати 216,6 миллион долларга тенг ушбу ишлаб чиқариш объекти Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади, 122 та иш ўрни яратилади.
Бу каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қиладиган тажрибали муҳандис ва ишчи-ходимларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Керак бўлса, уларни хориждаги корхоналарга жўнатиб, тажриба алмашиш ва малака оширишини йўлга қўйишимиз лозим, деди Шавкат Мирзиёев.