Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қарор ижроси доирасида туман ҳудудларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадида 25 миллиард 595 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.  Жумладан, жами 26 та объектда, шундан 20 та маҳаллада ички йўлларни таъмирлаш, 2 та маҳаллада сув иншоотини реконструкция қилиш, 2 та маҳаллада маҳалла маъмурий биносини ва 1 та маҳаллада болалар спорт майдончасини янгидан қуриш, 1 та маҳаллада электр тармоқларини тортиш режалаштирилди.

Пудратчи ташкилотлар томонидан 15 та овул ва маҳаллалардаги жами 44,4 километр узунликда ички кўчаларга тош ётқизиш, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги болалар спорт майдончасини янгидан қуриш, “Қипчоқ” овул фуқаролар йиғини  ҳудудига 2 километр узунликдаги сим кабелларини тортиш ҳамда “Хизр эли” ва “Юқори қишлоқ” маҳаллаларининг маъмурий биноларини янгидан қуриш ишлари якунланди.

“Хизр эли” ва “Юқори қишлоқ” маҳаллаларининг маъмурий бинолари фойдаланишга топширилиши чекка ҳудуд аҳолиси учун ҳақиқий туҳфа бўлди. “Тупроққалъа махсус қурилиш”, “Коммунал рем строй” масъулияти чекланган жамияти томонидан қуриб битказилган бинода ходимлар учун барча шароит яратилган. Бу эса, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ёрдамга муҳтож фуқароларнинг муаммолари шу ернинг ўзида ҳал этилишига хизмат қилмоқда.

Амударё туманида жами 24 километр узунликдаги ички йўлни таъмирлаш режалаштирилган. Туман Ободонлаштириш бошқармаси қўшимча равишда яна 13 километр йўлни таъмирлашни режа қилган. Эндиликда туманда жами 37 километр ички йўллар таъмирланади. Бунинг учун давлат бюджетидан 2 миллиард 964 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида тумандаги 49 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1868 та хонадондан 1856 та уйнинг том қисми ёпиб берилади. Шунингдек, яшаш ва таъмирлаш учун яроқсиз бўлган 12 та уй қайтадан қурилади.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туманидаги барча хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари ўрганилди. Ўрганишлар натижасида ушбу оилалар ҳақиқатдан ҳам ёрдамга муҳтожлиги аниқланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролардан бири “Қизилчоли” маҳалласида Насиба Сийтмамутова икки нафар фарзанди билан ёлғиз яшайди. Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин ёлғиз она рўзғор юкини кўтаришга қийналиб қолган эди. Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги ва эътибори билан яроқсиз ҳолга келиб қолган уйида қайтадан қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бу вазифани “Жумуртов техтаъмирсервис” масъулияти чекланган жамияти ўз зиммасига олган. Қурувчиларнинг таъкидлашича, қурилиш ишлари июнь ойида ниҳоясига етказилади.

Аҳоли вакиллари мамлакатимизда олиб борилаётган шу каби кенг кўламли ишлар натижасидан мамнун.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири