Бокс

Бугун, 14 май куни пойтахтимизда бокс бўйича жаҳон чемпионатининг сўнгги финал жанглари бўлиб ўтади.

Чемпионлик жанглари давомида 7 та вазн тоифасида олтин ва кумуш медаль соҳиблари аниқланади. Ҳамюртларимиз 4 та вазн тоифасида олтин медаллар учун баҳсга киришади.

54 килограмм вазнда терма жамоамиз аъзоси Ойбек Жўраев қозоғистонлик Маҳмуд Сабирхон билан, 57 кило оғирликда Абдумалик Халаков Куба вакили Саидел Хорта билан, 63,5 килода Руслан Абдуллаев мўғулистонлик Чинзориг Батарсух билан ҳамда 71 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Саиджамшид Жаъфаров Қозоғистон терма жамоаси сардори Асланбек Шимбергенов билан ғолиблик масаласини ҳал этади.

Жанглар Тошкент вақти билан соат 17.00 да бошланади.

Ойбек Жўревнинг рақиби 22 ёшли Сабирхон 2021 йили Белградда ўтган жаҳон чемпионати ҳамда ўтган йилги қитъа чемпионати кумуш медали соҳиби саналади. Айнан Сербия пойтахтида кечган дунё биринчилигида Маҳмуд Сабирхон ҳамюртимиз Шаҳзод Музаффаровни 1/2 финалда доғда қолдирганди. Шу маънода Жўраев учун ёшлар ўртасида уч марта қитъа чемпионлигига эришган Маҳмуд Сабирхон билан ўтадиган жанги осон бўлмаслигини англаш мумкин.

Ёшлар ўртасида 2018 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби Халаковнинг финлдаги рақиби кубалик  Саидел Хорта океанорти жамоасининг ёш аъзоларидан саналади. Лекин Куба бокс мактаби вакилларининг имкониятларидан келиб чиқсак, Абдумалик учун финал “дуэли” мураккабликка эгалигидан далолат.

Айтиш лозимки, бугунги финал жанглари орасида ҳамюртимиз Руслан Абдуллаевни ҳам қийин учрашув кутиб турибди. Унинг рақиби мўғулистонлик Чинзориг Батарсух 2016 ва 2020 йилги Олимпия ўйинлари иштирокчиси, Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионтларининг совриндори ҳисобланади.

71 кило оғирликда Саиджамшид Жаъфаров – Асланбек Шимбергенов учрашуви ҳамюртимиз учун ҳам, Асланбек учун ҳам жаҳон чемпионатининг юқори нуқтасидаги муҳим воқелик. Боиси, ҳар иккаласи илк бор бокс бўйича жаҳон чемпионлигига бир қадам яқин турибди. Асланбек Шимбергенов ўтган йили ушбу вазнда қитъа чемпионлигига эришганлиги, Саиджамшид 75 килода икки бор Осиёда тенгсиз эканлигини исботлаган ҳолда жаҳон чемпионатида 71 кило оғирликда кучлиларни мағлуб этиб финалга йўл олганлигини назарда тутсак, техник ва тактик устунлик ҳамюртимизда томонида бўладигандек. Чемпионлик бахти уларнинг қай бирига насиб этишини эса бугунги баҳс аниқлаб беради.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА