2023 йил 13 май куни “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.

Унда партиянинг Марказий ва ҳудудий кенгаши ҳамда фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Пленумда 2023 йил 9 июль куни муддатидан аввал бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг иштироки, партиядан бўлажак номзод бўйича таклифлар киритиш, партиянинг навбатдан ташқари VIII Съездини чақириш вақти, жойи ва унинг кун тартиби белгилаш ҳамда Съездга делегатлар сайлаш миқдори ва тартиби билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Пленумда қайд этилганидек, етакчи сиёсий кучлардан бири сифатида “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва ташаббускорларидан биридир. Партия асосий электорати бўлмиш таълим, маданият соҳалари вакиллари, зиёлилар қатлами манфаатларини парламентда ҳамда маҳаллий кенгашларда кўп йиллардан бери самарали ифодалаб келмоқда.

Шу маънода, жорий йилнинг 9 июлида бўлиб ўтиши белгиланган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг фаол ва муносиб иштирок этиши зарурати таъкидланиб, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда жамиятдаги ўзгаришларни инсон омили билан боғлиқлиги қайд этилди, инсонни ўзгариши уни тарбиясига ва таълимига боғлиқ, шу боис партиянинг асосий шиори “Инсон ўзгарса жамият ўзгаради” деб белгиланган. Партиянинг таълим-тарбия, миллий ўзликни ва маданиятни сақлаш, туризм ва иқтисодиётни ривожлантириш каби устувор дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш борасида кейинги йилларда улкан натижаларга эришилди, юртимизнинг жадал тараққий этаётганлигини халқимиз ва дунё аҳли кенг эътироф этмоқда.

Пленумда сўз олганлар “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурий мақсадлари амалга ошиши билан чамбарчас боғлиқ қуйидаги ислоҳотлар самараси алоҳида эътироф этилди.

Биринчидан, мактабгача таълим тизими, мактаб ва олий таълимнинг тубдан ислоҳ қилиниши натижасида мамлакатда инсон камолоти учун зарур шарт-шароитларнинг яратилганлиги. 2017 йилда мактабгача ёшдаги болаларнинг 18–20 фоиз қисми боғчаларга қамраб олинган бўлса, орадан кўп вақт ўтгани йўқ, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 75 фоизга етди. Умумтаълим мактабларида таълим дастурлари ва умуман муҳит ўзгарди. Ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови 9 фоиздан 40 фоизга ошди. Ўқитувчилар ойлик маошларининг оширилгани таълим сифатига сезиларли таъсир кўрсатди.

Иккинчидан, оила институтини жамиятнинг асосий бўғини сифатида мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича том маънода ижобий ўзгаришлар қилинди, давлат тили, миллий қадриятлар, маънавий-маданий ва тарихий меросимизга муносабат, ҳурмат ва эътибор юксалди.

Учинчидан, миллий ишлаб чиқариш ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, иқтисодиётимиз сезиларли ривожланди, ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. 2023 йилда туризм хизматлари экспорти ҳажми, 2017 йилга нисбатан 2 баробар ошиб, 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 2017 йилда 2,7 млн нафарни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб қарйиб 6 млн нафарга етди.

Умуман олганда, партиянинг 237 та дастурий мақсадларидан – 143 таси бевосита Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармон ва қарор билан амалга оширилганлиги, 21 та вазифа Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида рўёбга чиқарилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Мажлисда партия дастурий мақсадларининг муваффақиятли амалга ошиши кўп жиҳатдан охирги 6 йил давомида Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Пленумда қайд этилганидек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан биргаликда мазкур ютуқларни конституциявий мустаҳкамлаш бўйича икки партиянинг ташаббуси парламент палаталари ҳамда халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор, юқори даражадаги иштирок ва фаоллик билан янги таҳрирдаги Конституция – “Халқ конституцияси” қабул қилинди. Қолаверса, референдумда иштирок этган халқимиз овози – бу сўнгги йилларда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилган жиддий ўзгаришларнинг эътирофи ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, Пленум қатнашчилари миллий юксалишни амалда таъминлаётган, миллат ва Ватанга садоқати, халқпарварлигини исбот қилган Президент – Шавкат Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан биргаликда қўллаб-қувватлаш лозим, деган хулосага келишди.

Пленумда муддатидан илгари Президентлик сайловларида Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини илгари суриш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Пленум иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари асосида партия тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватланган бўлажак номзодни Съездда кўриб чиқиш масаласи маъқулланди. Съездни жорий йилнинг 31май куни ўтказиш белгиланди.

Пленумда Съездга делегатлар сайлаш масаласида партия ҳудудий конференцияларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг Конференцияларида партиянинг навбатдан ташқари VIII Съездига делегатлар сайлаш бўйича вакиллик сонини белгилаш, Съездга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳни шакллантириш лозимлиги таъкидланиб, тегишли таклифлар билдирилди.

Пленум якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 ЎзА