Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни қўшма Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси, Франция ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик масалалари ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегати Оливье Бешт бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мамлакатимизда Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари иштирокидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликнинг аниқ лойиҳаларини илгари суриш ва жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида вазир Оливье Бешт Франция Президенти Эммануэль Макроннинг самимий саломи ва шахсий мактубини етказди.

Давлатимиз раҳбари бугун куннинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда “Медеф” ҳаракати ишбилармонлар миссияси жорий йил апрель ойида мамлакатимизга амалга оширган ташрифнинг самарали натижаларини катта мамнуният билан қайд этди.

“Яшил” иқтисодиёт, қазиб чиқариш тармоғи, туризм инфратузилмаси ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, бошқа устувор йўналишларда амалга оширилаётган стратегик лойиҳалар изчил бораётгани қайд этилди.

Франция компанияларида шаҳарсозлик, транспорт, тўқимачилик саноати, янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши ортиб бормоқда.

Ўзбекистон етакчиси Ўзбекистон-Франция савдо палатасини таъсис этиш ва ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини жорий этиш борасидаги режаларни қўллаб-қувватлади.