Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг таклифига биноан жорий йил 2-3 май кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

3 май куни Берлин шаҳридаги Бельвю саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Федерал Президентга Германияга ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

Президентлар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик мисли кўрилмаган суръатда ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Фаол сиёсий, гуманитар ва ишбилармонлик мулоқотлари давом этмоқда. Томонлар нуфузли халқаро институтлар, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш муҳимлиги юзасидан якдил фикр билдирилди.

Етакчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.

Жумладан, кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони икки баробар ошди. Иқтисодиётимизда Германия инвестициялари ҳажми 5,5 миллиард еврони ташкил этмоқда, шундан 4 миллиард евро охирги бир неча йилда жалб қилинган.

Президентлар умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган савдо шартномалари ва инвестиция-технология битимлари имзоланиши билан якунланган ишбилармонлик тадбирларининг натижаларини олқишладилар.

Берлинда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланмоқда.

Шу маънода, Германия минтақадаги ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини, шу жумладан, Евроиттифоқнинг “Глобал дарвоза” ташаббуси доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.

Томонлар минтақада Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирдилар.

Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдам кўрсатиш, бунда чегараолди Термиз шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма имкониятларидан ҳам фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар алмашинув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишлаб ноёб кўргазма очилаётганидан мамнунлигини билдирдилар.

Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш, шу жумладан, мамлакатимиз ҳудудларида Гёте институти фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Германияга ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Германия томонидан тадбирда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Германия энергетика агентлиги, “CLAAS”, “Knauf”, “Siemens Energy”, “Lasselsberger”, “Aurubis”, “Linde Group”, “Gunter Papenburg”, “Falk-Porsche-Technik”, “Mangold Consulting”, “DB Engineering”, “Landesbank”, “Commerzbank”, “KfW”, “Deutsche Bank” каби ўттизга яқин энг йирик компания ва банклар раҳбарлари қатнашди.

Бундай форматдаги мулоқот илк бор 2019 йил январида, давлатимиз раҳбарининг ГФРга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган эди.

Натижада Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш бўйича бир қатор юқори технологик лойиҳалар ишга туширилди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик сезиларли равишда фаоллашди.

Ўзбекистон Президенти учрашувни очар экан, Германия билан муносабатларда юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат қарор топганини алоҳида қайд этди. Юртимизда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

Охирги йилларнинг ўзида Германия инвестициялари ҳажми 4 миллиард еврони ташкил қилди, қўшма корхоналар сони икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда “CLAAS”, “Knauf”, “Gunter Papenburg”, “Linde Group” ва “Falk-Porsche-Technik” каби Германия иқтисодиётининг “локомотивлари” муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон томонидан Бош вазир раислигидаги Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамкорликни мунтазам мувофиқлаштириб боришнинг муҳим механизмига айланди.

Президентимиз ушбу ташриф давомида эришилган муҳим келишувлар ва истиқболга мўлжалланган режаларни амалга оширишда асосий ролни айнан ишбилармон доиралар ўйнаши мумкин ва лозимлигини қайд этди.

Хусусан, куни кеча ўтган Ўзбекистон – Германия бизнес-форуми доирасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни кенгайтириш бўйича 9 миллиард евролик янги савдо, молия ва инвестиция битимлари имзоланди.

“Яшил энергетика», транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кимё, тоғ-кон, автомобиль, тўқимачилик, электротехника саноати ва бошқа йўналишлардаги катта лойиҳалар шулар жумласидан.

Банк-молия соҳасида Германиянинг “Deutsche Bank”, “Commerzbank”, “KfW” ва “Landesbank” каби энг йирик банклари билан лойиҳаларни молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётидаги кенг кўламли ва жиддий тебранишлар шароитида Германия бизнеси учун самарали ва ишончли макон бўлишга тайёрлигини таъкидлади.

Шу мақсадда инвесторлар учун зарур шароитлар ва ноёб имкониятлар, қулай фискал тизим яратилган – солиқлар сони камайтирилди, ҚҚС ставкалари пасайтирилди, бир қатор божхона божлари бекор қилинди. Маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясига мувофиқ, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари кучайтирилди, давлат ҳалол рақобат ва суд тизими мустақиллиги учун шароит яратишига оид қоидалар аниқ мустаҳкамлаб қўйилди.

Эндиликда инвесторларнинг ҳуқуқлари таъминланиши ва уларнинг судда ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланиши алоҳида қайд этилди. Бундан буён тадбиркорлар эмас, давлат идоралари ўз қарорларининг қонунийлигини исботлашга мажбур. Шунингдек, юзага келадиган ҳар қандай ноаниқликлар инвесторлар фойдасига ҳал этилади.

– Хорижий инвестор Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, барқарорлик, ишончлилик ва келажак учун хотиржамликни кўз олдига келтириши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ҳар бир германиялик тадбиркор мамлакатимизда ўзини эркин ва дадил ҳис этиши учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Германиянинг илғор ишланмалари ва инновацион технологияларни Ўзбекистоннинг ресурслари ва инсон салоҳияти билан бирлаштирсак, катта натижаларга эриша оламиз.

Тадбиркорлар билан мулоқот Германия бизнес ҳамжамиятининг ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканини яна бир бор намойиш этди.

Фикр алмашиш чоғида ГФР ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини юксак баҳолаб, бу юртимизда инвестициявий фаолият юритиш бўйича Германия бизнесининг энг дадил ва узоқ муддатли режаларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Учрашувда Германия компаниялари раҳбарлари аниқ таклифларини айтди. Устувор соҳаларда юқори технологик ва инновацион ечимларни жорий қилган ҳолда амалий ҳамкорликни давом эттириш ва кооперацияни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Германия бизнеси вакилларига долзарб ташаббуслари учун самимий миннатдорлик билдириб, мулоқот мазмунли бўлганини мамнуният билан қайд этди ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, умуман, ташриф доирасида эришилган келишувларни амалга оширишни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни тасдиқлашга топшириқ берди.

Германияга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Берлин шаҳридаги жаҳонга машҳур Жеймс Симон галереясида “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача” номли ноёб кўргазмани очдилар.

Давлатимиз раҳбари очилиш маросимида икки мамлакатда халқларимизнинг бой маданий мероси ва бугунги ютуқларига қизиқиш ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистонда Гёте, Гейне, Шиллер, Томас Манн, Ремарк ва кўплаб бошқа адибларнинг ўлмас ижодини, Бах, Бетховен, Штраус, Вагнернинг ажойиб мусиқасини яхши билишади ва қадрлашади.

Ҳудудидан Европага элтувчи қадимги карвон йўллари ўтган Ўзбекистоннинг тарихи билан Германия жамоатчилиги яхши таниш.

Асрлар давомида Буюк Ипак йўли савдо, фан, маданият ва санъат ривожига улкан ҳисса қўшиб келган, маданиятлараро мулоқотга, маънавий қадриятлар алмашинувига, прогрессив ғоялар шаклланишига, интеграция ва ҳамкорликка, тинчлик ва бунёдкорликка, бағрикенглик ва тотувликка хизмат қилган.

Буюк шоир Гёте ўзининг “Ғарбий-шарқий девон” шеърий тўпламида кўҳна Самарқанд ва Бухоро гўзаллигини тараннум этган бўлса, атоқли бастакор Гендель “Темур” операсини яратган.

Кўргазманинг очилиши Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги маданий алоқаларда диққатга сазовор воқеа бўлди. Унинг ўтказилиши ҳақида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил майдаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида келишилган эди.

Қарийб тўрт йил давомида икки мамлакат археологлари, тарихчилари, санъатшунослари ва музей ходимлари тадбирни ташкиллаштириш устида фидокорона меҳнат қилди. Германиялик мутахассислар иштирокида 50 га яқин энг қимматли осори-атиқалар реставрация қилинди.

2024 йил 14 январь кунига қадар давом этадиган кўргазмада Берлин давлат музейлари тўпламларидан 65 та ва Ўзбекистон музейлари тўпламларидан 285 та экспонат намойишга қўйилган. Уларнинг кўпи мамлакатимиз ташқарисида илк бор кўрсатилмоқда.

Кўргазма мамлакатимизнинг қадимий ва бой маданияти, бугунги Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудида жойлашган илк давлатларнинг милоддан аввалги VI асрдан милодий IV асргача даврни қамраб олган тарихи ҳақида сўзлайди.

Бу ердаги дурдоналар орасида Кушон салтанатининг Далварзинтепа ва Ҳолчаён қўрғонларидан топилган аслзодалар, аскар ва бадавлат аёллар ҳайкаллари бор.

Ушбу бетакрор экспозиция ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон тарихи билан танишиш, халқимиз мероси тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Тадбир Ўзбекистон ва Германия халқларининг янада яқинлашиши ва бир-бирини англашига, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликнинг ривожланишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германияга ташрифи муносабати билан икки мамлакат делегациялари аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари иштирокида қабул маросими бўлиб ўтди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германия Федератив Республикасига  ташрифи якунланди.

ЎзА