Қозоғистоннинг Остона шаҳри мезбонлик қилаётган спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатида навбатдаги кун беллашувлари якунланди. Кечки дастурдан ўрин олган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди.

– 70 килограмм вазн тоифасининг финалида гиламга чиққан эркин курашчимиз Зафарбек Отахонов қозоғистонлик Санжар Досановга 0:2,  -79 килограмм вазн тоифасининг ҳал қилувчи баҳсида эса Бекзод Абдураҳмонов бошқа бир қозоғистонлик атлет Болат Сакаевга 4:7 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шу тариқа ҳар икки полвонимиз мазкур қитъа биринчилигини кумуш медаль билан якунлади.

Чемпионатда терма жамоамиз ҳисобига ёзилган яна бир бронза медалига Махсуд Вейсалов муаллифлик қилди. -97 килограмм вазнда учинчи ўрин учун баҳс олиб борган ҳамюртимиз ҳиндистонлик Дипак Дипакдан 12:9 ҳисобида устидан келди, – дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг тўртинчи кун баҳсларида -57 килограмм вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Лайло Собирова кумуш, -53 килограмм вазнда Актенге Кеунимжаева бронза, учинчи кунида 50 килограмм вазн тоифасида Жасмина Иммаева кумуш медаль соҳибига айланган, иккинчи кунида эса – 67 килограмм вазн тоифасида барча рақибларни мағлуб этган Аброр Отабоев олтин медаль билан тақдирланган эди.

Осиё чемпионатининг биринчи кунида эса Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган.

Жумладан, – 63 килограмм вазннинг финалида курашган Шермуҳаммад Шарибжонов эронлик Имрон Муҳаммадига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланган, Ихтиёр Ботиров (- 55 килограмм) ҳамда Жалгасбай Бердимуратов (- 87 килограмм) бронза медали учун кечган баҳсни муваффақиятли якунлаб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишганди.

ЎзА