Кариб денгизи миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (CANOC) Халқаро крикет кенгаши (ICC) ва Ҳиндистон крикет иттифоқи (CWI) 2028 йили Лос-Анжелесда ўтадиган ёзги Олимпия (LA28) ўйинлари дастурига крикет спорт турини қўшиш учун саъй-ҳаракатни бошлаганлигини расман эълон қилди.

Бу ҳақда insidethegames.biz сайти хабар берди. Унга кўра, CANOC Президенти Кейт Жозеф крикетни ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритишда «Лос-Анжелес – 2028» олимпиадаси энг ажойиб имкониятлигини, 2024 йил июнь ойида Қўшма Штатлар ва Кариб денгизи давлатлари томонидан ташкил этилиши режалаштирилган эркаклар ўртасида крикет бўйича Т20 жаҳон чемпионати айни масаланинг пойдевори бўлишини таъкидлаган.

Ташаббускорларнинг фикрича, жорий йилнинг 15-17 октябрь кунлари Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ўтказиладиган Халқаро олимпия қўмитаси сессиясида ҳам крикет спортини «Лос-Анжелес – 2028» Олимпиадасига киритиш масаласи кун тартибидан ўрин олади.

Шу ўринда айтиш лозим, 2028 йили океан ортида ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олиш учун крикетдан ташқари яна саккизта спорт тури даъвогарлик қилмоқда. Улар орасида автоспорт, каратэ, брейк-данс, кикбоксинг, бейсбол ва софтболнинг мавжудлиги спорт турлари орасида Олимпия тизимига кириш учун рақобат ҳаддан ташқари шиддатли бўлишини англатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, XXXIV ёзги Олимпия ўйинлари 2028 йилнинг 21 июль-6 август кунлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтади.

 

Т. РЎЗИЕВ,

ЎзА