Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимизни, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналарни муносиб тақдирлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4906-сонли Фармонига асосан:

1. «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони таъсис этилсин.2. Қуйидагилар:

«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2, 3-иловаларга мувофиқ;

«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига ўрнатиладиган белги (кейинги ўринларда – «Меҳнат фахрийси» белгиси)нинг тавсифи 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари, уларнинг гувоҳномалари ва «Меҳнат фахрийси» белгиларининг тайёрланишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари, уларнинг гувоҳномалари ва «Меҳнат фахрийси» белгиларини тайёрлаш учун зарур пул маблағларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан ажратсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 14 июль

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 14 июлдаги
ПҚ-3133-сонли Қарорига 1-илова
«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони тўғрисидаги
НИЗОМ

1. «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони (кейинги ўринларда – кўкрак нишони) билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналар тақдирланадилар.

2. Ушбу Низомнинг 1-бандига мувофиқ:

I даражали кўкрак нишони билан камида 35 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
1 (5).jpg

II даражали кўкрак нишони билан камида 30 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
2 (6).jpg
III даражали кўкрак нишони билан камида 25 йиллик меҳнат стажига эга шахслар, шунингдек, жамиятда ҳурмат қозонган ишламайдиган оналар тақдирланадилар.
3 (7).jpg

3. I даражали кўкрак нишони юқори даражали ҳисобланади. II ёки III даражали кўкрак нишони билан тақдирланганлар кейинчалик унинг юқори даражалари билан босқичма-босқич мукофотланиши мумкин. Бир даражадаги кўкрак нишони такроран берилмайди.4. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси (кейинги ўринларда – «Нуроний» жамғармаси)нинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимларига берилади.

5. «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимларининг таклифлари ҳар йили 25 декабргача «Нуроний» жамғармасининг Васийлик кенгашига тақдим этилади.

6. Тақдим этилган таклифларни кўриб чиқиш ва кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодларни танлаб олиш тартиби «Нуроний» жамғармасининг Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.

7. Кўкрак нишони билан тақдирлаш «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг қарори билан амалга оширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор «Нуроний» жамғармасининг ахборот воситаларида эълон қилинади.

8. I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида, II даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

9. Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти «Наврўз» байрами арафасида «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

10. Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда тиббий хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

11. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 14 июлдаги
ПҚ-3133 -сонли Қарорига 2-илова
«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ

«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади:

I даражали кўкрак нишони тилла рангда;

II даражали кўкрак нишони кумуш рангда;

III даражали кўкрак нишони бронза рангда бўлади.

Кўкрак нишонининг олд томонида қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвири акс эттирилган. Унинг тепа қисмида кўкрак нишони даражасини ифодалайдиган бўйи 4 миллиметрли «I», «II» ёки «III» – рим рақамидаги сон ва диаметри 1,8 миллиметрли саккиз қиррали юлдуз жойлашган. Ушбу тасвирнинг умумий баландлиги 22 миллиметрни, эни 23 миллиметрни ташкил этади.

Кўкрак нишонининг олд юқори қисмида саккиз қиррали юлдузлар оралиғида икки қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган «MEHNAT», «FAXRIYSI» ёзуви жойлашган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида тўрт қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган «KO‘P YILLIK», «HALOL», «MEHNATI», «UCHUN» ёзуви жойлашган. Унинг атрофи диаметри 30,7 миллиметр бўлган нақш билан ҳошияланган.

Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,2 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.

Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни – 26 миллиметр, бўйи – 17 миллиметрдан иборат. Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг ўртасидан эни 8 миллиметрли оқ йўл, икки четидан эса ҳар бирининг эни 7 миллиметр бўлган кўк рангли йўл ўтган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 14 июлдаги
ПҚ-3133-сонли Қарорига 3-илова
«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони гувоҳномасининг
ТАВСИФИ

4 (3).jpg«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) яшил рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган оқ рангли ҳошия билан ўралган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Mehnat faxriysi», иккинчи сатрда «ko‘krak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзи ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангида акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOHNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун «№» белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.

«GUVOHNOMA» сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 5 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 1,5 миллиметрли тўрт сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «O‘zbekiston faxriylarining ijtimoiy», иккинчи сатрда «faoliyatini qo‘llab-quvvatlash», учинчи сатрда «Nuroniy» jamg‘armasi», тўртинчи сатрда «Vasiylik kengashining» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 4 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20__ y. «___» ___________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli Qaroriga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи cатрда «Mehnat faxriysi» сўзи ҳамда кўкрак нишонининг даражаси ҳақидаги ёзув («Times new Roman Bolt» шрифти, 12-кегль), иккинчи сатрда «ko‘krak nishoni bilan mukofotlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Vasiylik kengashi», иккинчи сатрда «raisi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 14 июлдаги
ПҚ-3133-сонли Қарорига 4-илова
«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган 
шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар 
эшикларига ўрнатиладиган белги
ТАВСИФИ

5 (5).jpg«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига ўрнатиладиган белги 210х80 миллиметр ўлчамли тўртбурчак шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Белгининг чап томонида қанотларини ёзган Ҳумо қуши ва унинг тепасида кўкрак нишони даражасини белгиловчи «I», «II» ёки «III» – рим рақамидаги сон ҳамда саккиз қиррали юлдуз тасвири акс этган. Ушбу тасвирнинг умумий баландлиги 55 миллиметрни, эни 51 миллиметрни, рим рақамидаги соннинг бўйи эса 9 миллиметрни ташкил этади.

Белгининг ўнг томонида ҳарфларнинг баландлиги 5,6 миллиметр, сатрлар оралиғи 3,8 миллиметр бўлган олти сатрли матн жойлашган. Биринчи cатрда «Bu yerda» сўзи ҳамда кўкрак нишонининг даражаси ҳақидаги ёзув, иккинчи сатрда «Mehnat faxriysi» ko‘krak nishoni», учинчи сатрда «bilan taqdirlangan fuqaro», тўртинчи ва бешинчи сатрларда катта ҳарфларда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, олтинчи сатрда «istiqomat qiladi» сўзлари ёзилади.

Белгининг қалинлиги 1,5 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар ботиқ шаклда бўлиб, белгининг четлари тўғри чизиқлар билан ўралган.