Президентимизнинг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш бўйича ўтган давр мобайнида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ижтимоий ва инфратузилма объектлари учун ажратиладиган 545 миллиард сўм маблағ ҳисобидан амалга ошириладиган 348 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Барча объектларга давлат экспертиза хулосалари олинди. Шунингдек, Кегейли туманида 1 та мактабгача таълим ташкилоти объекти тендер савдоларига жойлаштирилди ва Нукус сув тозалаш иншооти объекти комплекс экспертизага тақдим этилди. Бугунги кунда 346 та объект тендер савдоларига жойлаштирилиб, 294 та объектларда тендер савдолари якунланди.

Нукус шаҳридаги маҳаллаларни “Чимбой гузари” маҳалла фуқаролар йиғини намунасида обод маҳаллага айлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Нукус шаҳридаги 7 та (“Қоскўл”, “Қум овул”, “Бўз овул”, “Қизил қум”, “Қутли макон”, “Телеорай”, “Жеке терек”) маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 75 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, маҳаллалардаги йўллар чиғаноқли қум билан текисланиб, қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Маҳаллаларда жами 286 та электр тармоғи янгидан тортилди, 4,3 километр электр тармоғи ва 6 та трансформатор таъмирланди. Жами 9289 та хонадондан 99,8 фоизи, яъни 9275 таси ичимлик сув билан таъминланди. Маҳаллаларда 180 та спорт майдончаси ва унинг атрофида кичик хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлари томонидан маҳаллалар кесимида ер майдонларини ажратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ташриф давомида берилган топшириқлар ва 25 февраль куни ўтказилган йиғилиш баёнининг 13.1.1 бандига асосан Нукус шаҳар ичимлик сув тозалаш иншоотини реконструкция қилишга 10 миллиард сўм маблағ ажратилиши бўйича манзилли рўйхат тасдиқланди. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича марказлашган ичимлик суви етиб бормаган 208 та маҳалла тўлиқ хатловдан ўтказилди. Уларда ичимлик сув тармоқларини қуриш, қудуқ қазиш ва сувни чучуклантирувчи станцияларини қуриш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2022 йил 7 апрелдаги Президиум қарори билан шаҳар ва туманлар ҳокимликлари тасарруфидаги ички хўжалик автомобиль йўлларини сақлаш ва таъмирлаш учун улар ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаларига 2 йил муддатга 48 миллиард сўмлик ссуда маблағи ажратилган. Қорақалпоғистон Республикасида 850 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шундан 2022-2023 йилларда умумий қиймати 180,4 миллиард сўмлик фармацевтика соҳаларида амалга ошириладиган 4 та янги инвестиция лойиҳаси, шунингдек, истиқболли 5 та инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилиб, умумий қиймати 1,4 триллион сўмлик 33 та лойиҳарни ишга тушириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 декабрдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори билан белгилаб берилган талаб асосида “Шуманай эко текс” МЧЖ томонидан Шуманай туманида пахта-тўқимачилик кластер корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш ишлари амалга оширилди. Нукус шаҳрида “Eco Company” МЧЖ томонидан 5 миллион долларлик “Сувни тозалаш ва деминерализациялаш инновацион ускуналари ва насослар ишлаб чиқариш”,“Тuproqqala Tur” МЧЖ томонидан 10 миллион долларлик “Ақчакўл бўйида эко-этно археологик туризм мажмуасини ташкил этиш”, Тўрткўл туманида “Milliy Sanoat Holding” МЧЖ томонидан 10 миллион долларлик “Ўрта ва кичик бизнес учун замонавий саноат зонасини ташкил этиш” лойиҳаларини молиялаштириш бўйича таклифлар киритилди.

Нукус шаҳрида йиллик қуввати 20 миллион дона бўлган 61х120х250 ва 85х120х250 ўлчамдаги силикат ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга “Бархан Силикат” МЧЖ фаолият юритмоқда. Уй-жой таннархини арзонлаштириш мақсадида кўп қаватли уй-жойларнинг қурилишида силикат ғиштларидан кенг фойдаланилмоқда. Шунингдек, ҳозирги вақтда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганлиги ҳамда унумдор тупроқни асраш, силикат ғишт ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш мақсадида Нукус шаҳри кичик саноат зонаси ҳудудидаги 4 гектар майдондан “Қувонч Бахт Нур” МЧЖ томонидан силикат ғишт ишлаб чиқариш бўйича таклиф киритилган.

Туман ҳокимликлари, тижорат банклари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб  чиқилди. Қиймати 1,5 триллион сўмлик 232 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 152 минг нафардан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 майдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари  тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, шимолий туманлар қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ер майдонларини 2022-2024 йилларда қайта фойдаланишга киритиш кўрсаткичлари тасдиқланди. Дастур доирасида 421 гектар майдонда бутазорлар тозаланиб ерлар  текисланди. 248 километр суғориш тармоғи тозаланди, 16,2 километр масофада янгидан сув тармоғи қазилди, 27,4 километр коллектор тармоғи тозаланди, 2 дона насос агрегати қурилиб, 0,5 километр масофага электр тармоқлари тортилди ҳамда 1 дона трансформатор ўрнатилди. Ўзлаштирилган майдонларнинг 116 гектарида янгидан мевазор барпо қилинди. Шунингдек, маҳаллий ташаббускорлар  томонидан 12,8 минг гектар майдонни ўзлаштириш бўйича манзилли рўйхатлар ишлаб чиқилди. Бошқа экин майдонлари ҳисобидан 8 минг гектарни лотларга ажратган ҳолда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” даги эҳтиёжманд аҳолига деҳқончилик қилишлари учун шаффоф механизм асосида ажратиб берилди.

Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Талабгорлар билан қурувчи корхоналар ўртасида 12,2 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияси ва 1904 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича шартномалар расмийлаштирилди. Пахта-тўқимачилик кластерлари ва “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти ўртасида 186 дона қиймати 88,6 миллиард сўмлик пахта териш машиналарини харид қилиш бўйича шартнома тузилди.Шоли етиштирувчи субъектларни юқори ҳосилли уруғликлар билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Маҳаллий шоли етиштиришда хориж тажрибасини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритилди. Филиппин Халқаро шоличилик илмий марказидан илмий шартнома асосида олиб келинадиган 200 та шоли нав ва намуналарини республика ҳудудига олиб кириш учун Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигидан импорт карантин рухсатномаси (ИКР) расмийлаштирилди.

Мевали боғ барпо этиш учун 634 минг дона мевали кўчат олиб келиниб, 735 гектар майдонда боғ барпо этилди. Шунингдек, 650 гектар майдонга узум кўчати экилди. Айни пайтда ушбу ишлар давом эттирилмоқда. “Мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларини ривожлантириш масалалари” га бағишлаб ўтказилган йиғилиш баёнининг 2-иловасига мувофиқ, 22 та янгидан ташкил этиладиган кластер корхонасига фермер хўжаликлари бириктирилди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг жамғармасидан 15,2 миллиард сўм ажратилиб, Амударё, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларида 4 мингта аҳоли хонадонида ихчам иссиқхона ташкил этиш бўйича фуқаролар рўйхати шакллантирилди.

Бугунги  кунга қадар 51 миллиард 236 миллион сўмлик 87 та лойиҳа, жумладан, қорамолчилик йўналишида 14 та, қўй ва эчкичилик йўналишида 6 та, паррандачилик йўналишида 11 та, қуёнчилик йўналишида 1 та, асаларичилик йўналишида 51 та, қайта ишлаш йўналишида 4 та лойиҳа молиялаштирилди. 2022 йилда 9 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 500-1000 бошли чорвачилик комплекси ташкил этилиб, ушбу кластерлар томонидан жами 4,9 минг бош қорамол парваришлаш йўлга қўйилди. Бугунги кунда кооперация асосида 73 бош чорва моли аҳоли хонадонларига етказиб берилди. Беруний туманидаги 40 та маҳаллада жами 326 та аҳоли хонадонига 103 мингга яқин, шунингдек, Тахиатош туманидаги 13 та маҳаллада 252 та аҳоли хонадонига 16 мингга яқин хонаки парранда тарқатилиб, парваришланмоқда. Бугунги кунда 1 минг 842 та аҳоли хонадонига 17 минг 546 бош қўй ва эчки ҳамда 391 та аҳоли хонадонига 4 минг 358 дона асалари уяси тарқатилди.

Жорий йилда ҳам 100 минг гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этиш белгиланган. Бунинг учун зарур бўлган 590,2 тонна, шу жумладан, маҳаллий аҳоли томонидан 382,7 тонна чўл ўсимликларининг уруғи жамғарилди. Ҳозирги кунга қадар ишчи-ходимлар томонидан жами 107,1 минг гектар майдонда яшил қопламалар барпо этилди. Бундан ташқари, шаҳар ва туманлар марказларида 61,8 гектар майдонда яшил боғлар барпо қилиниб, экиш ишлари давом этмоқда.

Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида 13 минг 465 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди. 2 минг 790 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилди. Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳомийлик маблағи ҳисобидан Қонликўл тумани “Бўстон” ОФЙ даги 180 ўринли умумтаълим мактаби, “Бескўпир” ОФЙ даги 150 ўринли ва “Арзимбетқум” ОФЙ даги 60 ўринли мактабгача таълим ташкилотини қуриш ишлари олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ қўшма корхонасида 2022-2025 йилларда кальцийланган сода ишлаб чиқаришни йилига 250 минг тоннага етказиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, ижара ҳуқуқи асосида ер майдони ажратилди. Бош режа лойиҳаларига асосан, Қўнғирот тумани “Елабад” шаҳарча фуқаролар йиғини “Янги Ўзбекистон” массивида жами 5 қаватли 10 та 228 хонадонли, шундан 30 хонадонли 2 та, 20 хонадонли 6 та ва 24 хонадонли 2 та турар жойлар қурилиши режалаштирилди.

Оролбўйида табиий газ таъминотига қайта уланадиган 13 минг 661 та аҳоли хонадони газ қувурларининг техник ҳолатини хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилди. Хатлов ишлари якунланган аҳоли пунктларида газ тармоғига улаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 478 та аҳоли хонадони газ тармоғига уланди.“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 40,9 километр газ тармоғини жорий таъмирлаш ишлари белгилаб олинди. Ҳозирги кунда “Обод маҳалла” дастурига киритилган 34 километр газ қувури таъмирланди.

Давлат дастурлари асосида жами 6 минг 65 та қўшимча ўрин яратиш орқали болаларнинг боғчаларга қамров даражасини 80,1 фоизга етказиш режалаштирилган. Олий таълим муассасалари мутахассислик кафедралари тармоқ корхона ва ташкилотларига бириктирилди ҳамда кафедра ўқитувчиларининг мазкур корхоналарда амалий тадқиқотлар ўтказиши, корхоналарда мавжуд лабораториялар ва моддий-техника базасидан фойдаланишлари ҳамда талабаларнинг амалиётини ўташлари учун зарур шароитлар яратилди. Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Чимбой туманида жойлашган собиқ “Қизил ўзек” қишлоқ хўжалиги коллежи негизида Қорақалпоқ давлат университетининг Чимбой факультети ташкил этилди.

Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида” ги қарори асосида “Болалар тиббиёт кластери” биносини 2023 йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши белгиланган. Шунингдек, “Маҳалла тиббиёт пунктлари” ни барпо этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўнғирот, Тўрткўл, Чимбой туманларида ташкил қилинган қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари 57 дона тиббий асбоб-ускуна билан таъминланди. Ҳар бир туманга 3 дона компьютер томографияси ва 3 дона рентген ускунаси олиб келинди. Чимбой, Беруний, Қўнғирот ва Кегейли туман тиббиёт бирлашмаларининг туғуруқ бўлимлари 16 миллион 470 минг сўмлик 6 турдаги 48 дона зарур тиббий техника ва буюмлар билан таъминланди. 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат бюджети маблағи ҳисобидан тўланиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган “Республика ёшлар овози” фестивалида 238 минг нафар ёш ўз иқтидорини намойиш этди. Танловда бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада каби 4 та йўналишда ғолиблар пул мукофоти билан тақдирланди. Мўйноқ туманида “Стихия” электрон мусиқа фестивали, “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” гастрономик халқаро фестивали ҳамда “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзусида халқаро экофестивал, 2022 йил сентябрь ойида Аҳмад Яссавий тариқати давомчиси Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция ташкил этилди.

Мамлакатимизда, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, тизимли чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини янада ошириш, турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Президентимиз бу сафарги ташрифи чоғида ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида юз берган оламшумул янгиланишлар билан танишади. Республика фаоллари билан учрашади. Ҳудудларни янада юксалтиришнинг, одамлар турмуш даражасини оширишнинг келгусидаги йўналишларини белгилаб беради.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА