Ўзбекистон ва Корея Республикаси олий таълим муассасалари ректорлари форуми доирасида Жанубий Кореянинг Кангвон, Сунгсил, Тонгмёнг, Ённам ва Кукмин университетлари ректорлари Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.

Икки томонлама олиб борилган музокараларда илм-фан, таълим ва инновация соҳаларида истиқболли ҳамкорлик доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, СамДУ ва Кангвон университети ўртасида профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш, ахборот ва илмий нашрлар алоқаларини яхшилаш бўйича меморандум имзоланди.

Сунгсил университети билан талабалар учун қўшма таълим дастурлари, корейс тилини ўрганиш курслари ташкил қилиш, икки университет ўртасида академик мобилликни йўлга қўйиш бўйича, Тонгмёнг университети билан магистратура босқичида қўшма таълим ва ёзги мактаб дастурлари ишлаб чиқиш юзасидан меморандум имзоланди.

Шунингдек, Ённам ва Кукмин университетлари билан илмий лойиҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли академик соҳаларда кадрлар алмашинуви ҳамда бакалавриат ва магистратура босқичлари учун қўшма таълим дастурларини ташкил қилишга келишиб олинди.

– Ўзбекистон ва Корея олий таълим муассасалари ректорлари форуми доирасида Самарқанд давлат университетига келдик, – дейди Кукмин стратегик бошқарув институти вице-президенти Бён Джун Ким. – Мазкур форум Корея ва Ўзбекистон учун олий таълимдаги ҳамкорликнинг янги босқичидир. Бугун Самарқанд давлат университети ректори билан келишувимиз икки томон учун ҳам манфаатли бўлди. Ушбу форумнинг ўтказилиши ҳар икки давлат олий таълимининг рақамли трансформациясига йўл очиб, таълим ва инсон ресурслари соҳасидаги алмашинувнинг фаоллашуви учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

ЎзА