Хабар берганимиздек, шу кунларда Эрон пойтахти Теҳронда аёллар ўртасида давом этаётган 1-халқаро Наврўз олимпиадасида ўзбекистонлик оғир атлетика ва от спорти вакиллари иштирок этмоқда.

Кеча ўтказилган мусобақаларда оғир атлетикачиларимиз Наврўз олимпиадаси медаллари учун кураш олиб борди ва спортчи қизларимиз 3 та медални қўлга киритди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Нигора Абдуллаева 55 килограммда, Турсуной Жабборова +81 килограмм оғирликда олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Ригина Адашбоева 81 килограммда бронза медалига мушарраф бўлди.

Шиддатли баҳсларда Абдуллаева икки кураш бўйича 180 (80+100) кило тошни буйсиндирди. Турсуной Жабборова эса 240 (105+135) кило натижа қайд этди. Адашбоева ўз вазнида 215 (100+115) кило кўрсаткичга эришди.

Ҳамюртларимиздан Севинчой Комилова 71 килограмм вазн тоифасида 192 (87+105) кг тошни кўтариб, 4-ўрин билан кифояланди.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси хабарига кўра, спортчи қизларимизнинг мазкур нуфузли мусобақада иштирок этиши жорий йил ўтказиладиган қитъа чемпионати ҳамда Осиё ўйинларига муҳим тайёргарлик босқичи вазифасини ўтади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА