Бугун Душанбе шаҳрида “Тожикистон – Марказий Осиё: яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, абадий дўстлик ва ҳамкорликда ривожланиш сиёсати” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов таъкидлаганидек, ушбу учрашув халқларимиз учун анъанавий, тинчлик ва эзгулик рамзи бўлган Наврўз байрами арафасида бўлиб ўтмоқда. “Бугунги кунда минтақамизни нафақат ягона тарих, маданият, анъана ва қадриятлар, балки умумий чақириқлар, тараққиёт истиқболини белгилаш зарурати ҳам бирлаштирмоқда”.

Директорнинг сўзларига кўра, Душанбе олти йил олдин тузилган Маслаҳат учрашувларида фаол иштирок этиш орқали қисқа вақт ичида ҳамкорлик форматининг мақсад ва вазифаларини белгилаш, минтақани бирлаштириш йўлидаги ҳаракатларга фаол  киришди.

“Давлатларимиз раҳбарларининг 2021 йил Туркманистоннинг Аваза шаҳридаги навбатдаги учрашувида дўстлик, яхши қўшничилик, ҳамкорлик муносабатини ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хафвсизликни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда мамлакатларимизнинг умумий манфаати ва ташаббусларини  илгари суришдаги мислсиз хизматлари учун Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга биринчи олий мукофот – “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони” берилиши ҳам бежиз эмас”.

Қайд этилганидек, жорий йил Душанбеда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак бешинчи юбилей учрашуви “томонларнинг алоқаларни  янада ривожлантиришга бўлган интилишини намойиш этиб, мутлақо янги, изчил ва жўшқин хусусиятга эга муносабатни янада яқинлаштиришга қўшимча туртки бериши шубҳасиз”.

ЎзА