АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзбектелеком» АК ахборот хизмати раҳбари Темур Мамажоновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг март ойидан бошлаб, мобиль интернет тезлиги оширилади ва бутун мамлакат бўйлаб 5G технологияси жорий этилади.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб 3 мингдан ортиқ мавжуд таянч станцияси энг сўнгги технологиялар бўйича янгиланади ва 2 мингдан ортиқ янги таянч станцияси қурилиб, ишга туширилади.

Қатор таянч станцияларини 5G стандартига янгилаш жараёни лойиҳанинг муҳим босқичи ҳисобланади.

Натижада, мобиль алоқа абонентлари бешинчи авлод тезлигида мобиль интернетдан бемалол фойдаланишлари мумкин бўлади. Ўзбекистонда биринчи марта флагман смартфонлар, жумладан, iPhone эгалари 5G технологиясидаги мобиль интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Uztelecom Ўзбекистонда мазкур қурилмалар фойдаланувчиларига бешинчи авлод алоқа имкониятларидан фойдаланиш имконини берувчи биринчи оператор бўлади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида 5G тармоғи билан Тошкент шаҳрини тўлақонли қамраб олиш, шунингдек, республикамиз вилоят марказлари қисман қамраб олиниши таъминланади. Ишлар якунига етгач, республика бўйлаб 5G технологиясини жорий этишнинг кейинги босқичлари таҳлил қилинади.

Ш.Маматуропова, ЎзА