Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида Хитой Халқ Республикасининг Шанхай провинциясида жойлашган «Shuixing Home Textile» компанияси президенти Шанбиао Маи билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
«Shuixing Home Textile» компанияси Хитойда ипак маҳсулотларидан маиший буюмлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхоналар учталигига киради. Корхонанинг мамалакат бўйлаб 2 минг 869 та сотув дўконлари мавжуд.
Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистондан йирик миқдорда ипак момиғи сотиб олиш таклифини билдириб, ўзбек ипак маҳсулотларига юқори қизиқиш билдиришини ва бу соҳада кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўймоқчилигини қайд этди. Хитойлик меҳмонга қўмита ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналар ҳамда уларда ишлаб чиқариладиган ипак маҳсулотлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилдаги пиллачилик мавсумида 510 минг қути ипак қурти парваришланиб 28,3 минг тонна пилла хомашёси етиштирилади. Шундан 3,1 триллион сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Жумладан, 325,7 миллиард сўм миқдоридаги 1,4 минг тонна ипак момиғи ишлаб чиқарилади.
Мулоқот сўнгида келгусида ҳамкорлик режалари бўйича келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА