Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, товар белгиси тушунчаси ва унинг ҳуқуқий асослари қонунчилигимизда алоҳида норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган.
Хўш, товар белгиси ҳуқуқий жиҳатдан қонунчилигимизда қандай муҳофаза қилинади? Товар белгисидан фойдаланмаслик қандай оқибатларга олиб келади? Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев жавоб берди.
–Товар белгисини ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг асосий шарти уни тегишли ваколатли давлат идорасида рўйхатдан ўтказилгани ҳисобланади. Маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома юридик ёки жисмоний шахслар томонидан шахсан ёки Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатга олинган патент вакили орқали (хорижий субъектлар учун) берилиши мумкин. Умумий қоида бўйича маҳсулот белгисининг устуворлиги тегишли тарзда расмийлаштирилган талабнома Интеллектуал мулк агентлигига келиб тушган кунга қараб белгиланади. Талабнома ва талабномада ифодаланган белги белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади ва унинг натижаларига қараб товар белгисини рўйхатдан ўтказиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.
Товар белгисини рўйхатга олиш ҳақидаги қарорга асосан Интеллектуал мулк агентлиги товар белгисини Ўзбекистон Республикасининг товар белгилари реестрида рўйхатдан ўтказади. Давлат реестрига ва товар белгисини рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномага товар белгисининг тасвири, унинг эгаси ҳақидаги маълумотлар, устуворлик санаси, рўйхатдан ўтган вақти, ушбу белгини қўйиш мўлжалланган товарлар рўйхати киритилади. Бу ҳакда маълумотлар Интеллектуал мулк агентлигининг расмий ахборотномасида эълон қилинади.
–Товар белгиси ҳуқуқий жиҳатдан қонунчилигимизда қандай муҳофаза қилинади?
– Товар белгиси уни рўйхатдан ўтказиш асосида ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади. Товар белгисига бўлган ҳуқуқ у рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади. Товар белгиси юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун бериладиган талабнома бир товар белгисига ёки товар келиб чиққан бир жой номига тааллуқли бўлиши лозим.
–Товар белгисидан фойдаланиш ва унинг дахлсизлиги ҳуқуқий асослари қандай?
– Товар белгисини қонунда белгиланган тартибда ҳар қандай тарзда муомалага киритиш ундан фойдаланиш деб ҳисобланади. Товар белгисини нашр этганда, уни кўпчилик олдида ижро этганда ёки ундан ўзгача тарзда фойдаланганда товар белгисининг ўзига ҳам, унинг белгиларига ҳам бирор-бир ўзгартишлар киритишга фақат унга бўлган ҳуқуқ эгасининг розилиги билан йўл қўйилади. Товар белгиси уни ишлатиш учун рўйхатга олинган товарларда ёки уларнинг идиши ҳамда ўровида товар белгисининг эгаси томонидан ёки қонунчиликка мувофиқ лицензия шартномаси асосида бундай ҳуқуқ берилган шахс томонидан қўлланилиши товар белгисидан фойдаланиш деб ҳисобланади.
Товар белгисининг рекламада, босма нашрларда ва ярмаркаларда экспонатларни намойиш этиш вақтида, ишлаб чиқарилаётган, сотувга тақдим этилаётган, сотилаётган ёки бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритилаётган, ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг этикеткаларида, ўровларида, товарларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда, домен номида ишлатилиши ҳам товар белгисидан фойдаланиш деб эътироф этилиши мумкин.
– Товар белгисидан фойдаланмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
– Товар белгисидан охирги уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича суднинг қарорига асосан бекор қилиниши мумкин.
–Товар белгисига бўлган ҳуқуқни бузганлик учун жавобгарлик масалалари қандай?
– Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддасига мувофиқ, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА