Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида, шунингдек, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасида қатор вазифалар белгиланиб, бу бўйича “Жиззах тажрибаси”ни бутун республикага оммалаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган эди.
Мазкур топшириқ асосида жорий йилнинг 20 февралидан 1 март кунигача Қорақалпоғистон Республикасида ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига бевосита масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида “Жасорат мактаби” ўқув йиғини ташкил этилди. Мазкур мактаб жасоратли, матонатли, шижоатли ёшларни юзага чиқарди. Келинг, яхшиси бу ҳақида йиғин таассуротлари билан ўртоқлашсак.
Йиғиннинг илк куни. Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан келган ёшлар Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинди. Сўнг юз нафар йигитлар автобусларда Шимоли-ғарбий ҳарбий округида жойлашган ҳарбий қисм томон йўл олди.
Болалигидан ҳарбий бўлиш истаги билан улғайган ёшлар “Жасорат мактаби” да орзулари ушалишидан шод, ҳаяжон ва қувонч ила ҳарбий қисм ҳаётига қизиқсиниб қарашар, собит қадамла, командирга ҳарбийча салом берган аскарга ҳавас кўзи билан боқишарди. Уч қатордан сафланган йигитларга “катта” тайинланди. Энди улар фуқаролик ҳаётидан бироз чекинган, ҳарбий ҳаётга кириб боришаётган эди. Нукус ҳарбий госпиталида тиббий кўрикдан сўнг ҳарбий либосларни эгнига илган йигитлар саф майдонига тизилишди. Йиғиннинг очилиш маросими ёшларда катта таассурот қолдирди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари иштирок этиб, йиғин уларнинг ёрқин келажагида муҳим дебоча бўлиб қолажагини айтиб, иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади.
“Жасорат мактаби” ўқув йиғинида машғулотлар “Жиззах тажрибаси” асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда куч тузилмалари вакиллари иштирокида йўлга қўйилди.
Ёшларни тарбиялаш ҳамда фуқаролик позициясини, ижтимоий адаптациясини кучайтириш, касбга ўргатиш, жисмоний тарбия ҳамда спортга кенг жалб этиш каби эзгу мақсадларни кўзлаган йиғин қорақалпоғистонлик йигитларда катта таассурот қолдирди.
–Қорақалпоғистон Республикасидан саралаб олинган йигитлар орасида мен ҳам борлигимдан жудаям хурсандман, – дейди Қораўзак туманидан келган 21 ёшли Расул Рисназаров. – Йиғинда юртимизнинг таниқли инсонлари билан учрашдик, тадбиркорлар билан яқиндан суҳбатда бўлдик, малакали психологлар томонидан тренинглар ўтказилди. Ўн кун давомида ҳарбийча яшадик. Бу жуда қизиқ эди. Йиғинга келган кунимдан бир неча кун ўтиб ўйладим. Ишсизлар сафида кунлик ишларни бажариб юрардим. Йўқотилган йилларим ҳақида мулоҳаза қилдим. Бўш вақтларим жуда кўп бўлган экан, йиллар ортга қайтмайди, лекин бугун кеч эмаслигини тушундим. Ўқишга кириб, юртим равнақи йўлида хизмат қилишни мақсад қилдим. Билдирилган ишончи албатта, оқлайман.
– 18 ёшдаман, – дейди қонликўллик Сакен Қилишбаев. – Йиғин ҳаётий қарашларимни тубдан ўзгартирди. Телеэкранларда тенгдошларимиз эришган ютуқларни кўриб, ҳавас қилардим. Йиғин давомида қачонгача ҳавас қиламан, деган ўй уйғонди. Ҳа, қачонгача мен уларга ҳавас қиламан?! Бир умрми?! Йўқ. Мен ўзгаришим керак! Менга ҳам ҳавас кўзи билан боқишларини истайман. Инсон ўз олдига мақсад қўйиб унга интилсагина, натижага эришиши мумкинлигини англадим. Ҳа, яна йиғинда мен театр томошасига бордим. Умримда биринчи марта спектакл томоша қилдим. Биласизми, онам ҳам театрга бормаганлар. Мен бир кун катта инсон бўламан ва онажонимни ҳам театрга олиб бораман. Ватан ҳимоячиси бўламан!
Ўн кунлик йиғин доирасида Мудофаа вазири ўринбосари генарал-майор Ҳамдам Қаршиев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов ҳамда Республика ҳарбий прокурори ўринбосари адлия подполковниги Қаҳрамон Исроилов ёшлар билан яқиндан суҳбатда бўлди. Ҳарбий бўлиш истагини билдирган ёшларнинг мурожаатлари қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши юзасидан масъулларга кўрсатма берилди.
–Генерал ҳарбийлар биз билан суҳбатлашди, – дейди ҳарбий бўлишни ўз олдига мақсад қилган Сердар Тагиев. – Форманинг ҳам салобати бор экан, ҳарбийлардек ўйлай бошлар экансан. Юрт келажаги, тинчлиги сенинг зиммангда, гўё. Мен ўзимни ҳақиқий ҳарбийдек ҳис этдим. Мудофаа вазири ўринбосари ва ҳарбий округ қўмондонининг ҳар бир сўзини панду-насиҳатга йўғрилган отамнинг сўзлари деб билдим. Қўмондон “Юлдузингиз сўнмасин. Юлдуз нима? Орзу. Орзулар қилинг, яхши яшаш ва яхши ном қолдиришга интилинг” дея бизга ҳаётбахш сўзларни айтганида, ичимда ғалаён бошланди. Болаликдаги орзуим яна қайтадан мени забт этди. Мен албатта, Ватан ҳимоячиси бўламан.
– Сартарошлик ҳунарим бор, – деб ўзини таништирди Хўжайли туманидан келган Адилбек Мамутов. – Йиғинга илк келган куним, тўғриси, жуда ҳам кетишни истадим. Ҳарбийча ҳаётда яшаш қийин бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин мен ўйлагандай эмас экан. Тўғри, бироз уйқучилигим бор. Эрта тонгдан уйғониш қийин бўлди, бир пасда режимга мослашдим. Эрталабки бадантарбия ва спорт тадбирларида фаоллигим ошди. Фавқулодда вазиятлар вазири кубоги учун бўлиб ўтган волейбол мусобақасида фаол иштирок этгандим, мени вазирлик тизимига ишга таклиф қилишди. Кутилмаган таклиф мени қувонтириб юборди. Йиғинда очилмаган қирраларимиз намоён бўлди. Хоҳиш, ирода, сабр ва ҳаракат бўлса инсон ҳар нарсага қодир бўлар экан.
– Опа, бир шеърим бор, гитарага созлаяпман, эшитиб кўринг, – деб уялиброқ сўз қотди йиғин иштирокчиси Саламат Пиржанов.
– Шоирмисиз, деб Саламатни тинглашга шайлигимни билдирдим. У сўзида давом этаркан: Опа, “Жасорат мактаби” ҳақидаги шеърим ўзбек ва қорақалпоқ тилларида. Уч йилдан буён шеър машқ қилмай қўйган эдим. Телефон ўйинлари ва ижтимоий тармоқлар уч йиллик умримни ўз домига тортиб кетибди. Ўн кунлик йиғинда ҳаётга қайта туғилган инсон мисоли фикрларим янгиланди. Вақт қадрини англадим. Энди менинг ҳам мақсадларим бор. Мени биров тингламайди, деб ўйлардим. Лекин мен билан ҳам фикрлаша бошладилар, ўз фикримни жамоага айта оляпман. “Жасорат мактаби” мени жасоратли бўлишга ўргатди. Бизларга яратилаётган бу эътибор ва ғамхўрликлардан миннатдормиз.
Нукус шаҳридаги Қурилиш соҳасидаги малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ва “Ишга марҳамат” мономарказига уюштирилган экскурсиялар ҳам йиғин иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Эндиликда йигитларнинг белгилаган ҳаёт йўли ойдин ранглардаги саҳифаларга битилиши муқаррар. Ўн кун шунчаки ўтмади ҳисоб, мақсадли режалар куртак ёзди.
Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.
ЎзА