Муносабат
Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, эксперт ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Умумхалқ муҳокамаларда 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. Шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги эътироф этилди. Таклифларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилгани қувонарли ҳол. Янгиланаётган Конституциямизда ёшларга оид қатор нормалар, ҳатто битта алоҳида боб «Оила, болалар ва ёшлар» масаласига бағишланди. Ёшлар ҳуқуқлари акс этаётган алоҳида моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда. Давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим, балки бошланғич профессионал таълим олишни ҳам бепул бўлишини кафолатлайди. Бундан ташқари, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши муҳим янгиликлардан бири бўлаётир. Яъни, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу эса шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топишига хизмат қилади. Айниқса, юртимизда инсон қадри юксак эканлигини ўзида намоён этади. Янгиланаётган Конституция жамиятни янада тараққий эттиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Рахима Юлдашева,
Халқ депутатлари Беруний туман Кенгашидаги
O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги