Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда қайд этилганидек, олис ва чекка ҳудуддаги ёшларни хорижий тилларга ўргатиш учун алоҳида телеканал ташкил қилинган. Рақамлаштириш вазирлигига ушбу телеканалда ITга ўқитиш бўйича ўқув курслари ва камида 30 фоиз қизиқарли контентларни жойлаштиришни таъминлаш топширилди.

Ҳар бир олийгоҳнинг битирувчилари ўз йўналишларидаги IT дастурларда ишлашни ўрганиши керак.

Мисол учун, қурилиш лойиҳалари учун чизмалар чизиш, сметалар тузиш, инфратузилмани яратиш ихтисослаштирилган дастурлар асосида 1-2 ойда якунига етказиш мумкин. Хорижда ёшлар бундай дастурларни олийгоҳда ўрганиб чиқиши кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан Олий таълим ва Рақамлаштириш вазирликларига:

– қурилиш, геология, машинасозлик, транспорт каби йўналишларда муҳандис-технологларни тайёрлаш учун замонавий дастурий маҳсулотларни ўрганиб, янги ўқув йилидан олийгоҳларда жорий қилиш;

– IT парк ва унинг филиалларини бундай олийгоҳларга боғлаб, ўқитувчи ва талабаларни янги дастурларда ишлашга ўргатиш топширилди.

ЎзА