Президент раислигида рақамлаштириш бўйича 2023 йилги вазифалар ва режаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари ёшларни ITга ўқитиш, уларга ишлаши учун шароит ва маҳсулоти учун бозор яратиш зарурлигини таъкидлади.
Бу борада 1 апрелдан “Электрон ҳукумат”, “Бизнес учун дастур”, таълим йўналишлари бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган республика танлови бошланади. Ҳокимларга бундай танловларни вилоят ва туманларда кўпроқ ўтказиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, ҳудудларда ёшлар яратган 50 та энг яхши дастур Рақамлаштириш жамғармалари ҳисобидан сотиб олинади.
1 апрелдан бошлаб IT таълим марказлари ва уларнинг битирувчилари учун янги шароитлар яратилади. Жумладан:
– ўз битирувчиларини IT хизматларни экспорт қилувчи компанияларга ишга жойлаштирса, марказларга ҳар бир мутахассис учун 25 миллион сўмгача, ногиронлиги бўлган ёшларга эса 35 миллион сўмгача субсидия берилади;
– IT сертификати бор ёшларга компьютер хариди учун 7,5 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва Ёшлар агентликлари, Бандлик жамғармаси томонидан берилаётган субсидия уларнинг шахсий пластик картасига ўтказиб берилади.
ЎзА