Президент раислигида рақамлаштириш бўйича 2023 йилги вазифалар ва режаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Президент барча бизнес жараёнларини ҳамда аҳоли учун энг зарур хизматларни тўлиқ рақамлаштириб, ўзаро интеграция қилиш вазифасини қўйди.
Ўтган йилда мактаблар, ФҲДЁ, ички ишлар идоралари ва боғчаларнинг маълумот базалари интеграция қилингани ҳисобига 350 миллиард сўм иқтисод қилинди.
Соғлиқни сақлаш, спорт, коллеж ва олийгоҳлар, маданият соҳаларининг маълумотлар базасини тўлиқ ишга тушириш ва бир-бирига интеграция қилиш орқали камида 1 триллион сўм маблағни иқтисод қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан буён рақамлаштириш ҳисобига иқтисод қилинган маблағларнинг 50 фоизи ITни ривожлантириш учун вазирлик ва ҳокимликларга қайтариб берилиши белгиланди.
Таъкидланганидек, Рақамлаштириш вазирлигининг асосий вазифаси лойиҳаларни бошида кўриб, маъқуллаш эмас, уларни ишга туширишга ёрдам бериш ва фойдаланишга қабул қилиш, дастурларнинг келгусида самарали ишлатилиши ва натижадорлигини назорат қилиб, вазирликлар ва ҳудудларнинг рейтингини юритиш бўлади.
ЎзА