Миср Араб Республикасининг “Ал-Балад” нашри хабар беришича, Ал-Азҳар Аш-Шариф вазири муовини доктор Муҳаммад Ад-Дувайний якшанба куни Ал-Азҳар Аш-Шариф шайхи қароргоҳида Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Муҳаммад Ад-Дувайний мамлакатимиз билан илмий, маданий алоқалар истиқболи хусусида фикр юритаркан, Миср томони ўз тасарруфидаги олий таълим муассасаларига ўзбекистонлик талабаларни ўқишга қабул қилиш, конструктив ҳамкорликни мунтазам ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Ал-Азҳар вакили қўшимча қилишича, олийгоҳ юртимиздан 2600 талабани ўз бағрига олади. Шунингдек, у университет таркибидаги халқаро академияда имом, воиз ва фатво тадқиқотчилари тайёрлаш, кенг миқёсда мўътадил нутқни ўзлаштириш, шариат илми ва тилини ёйиш бўйича ҳамкорлик масаласига тўхталди.
Ўзбекистон вакиллари ўз навбатида яқин кунларда Ал-Азҳар олимларининг республикамизда бўлиб ўтадиган илмий анжуманларда иштироки йўлга қўйилишини таъкидлади. Шунингдек, Ал-Азҳар халқаро академиясига мўътадил тафаккурга ўргатиш учун юбориладиган 20 нафар имом рўйхати тайёрлангани айтилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА