Анқарага келган НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған қабул қилди. Музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтди, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.
Шундан кейин Шимолий Альянс раҳбари Туркия Мудофаа вазири Хулуси Акар ҳамроҳлигида зилзила содир бўлган Хатай, Қаҳрамонмараш ва Адана вилоятларида бўлди.
Акар Столтенбергга зилзилар туфайли мамлакатга келиб ҳамдардлик билдиргани, НАТО қароргоҳида аъзо давлатларнинг барча байроқлари ярмига туширилгани ва 14 февраль куни Мудофаа вазирлари йиғилиши олдидан бир дақиқалик сукут сақлаганликлари учун миннатдорлик билдирди.
Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳам НАТОнинг табиий офатларга жавоб бериш мувофиқлаштириш марказининг Искандарун шаҳрида икки минг кишилик чодирлар ташкил этиб бергани ҳамда офат минтақасига қутқарувчилар ва бошқа кўмакларини эслатиб ўтди.
Столтенберг ва Чавушўғли музокаралар чоғида Украина атрофидаги зиддият, дон шартномасининг бажарилиши ҳамда Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиб кириши юзасидан ўзаро фикр алмашдилар, дейилади ТИВ хабарида.
ЎзА