Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг (CDC) Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури директори вазифасини бажарувчи Жастин Уильямс билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Самимий руҳда ўтган мулоқот аввалида давлатларимиз ўртасида тиббиёт йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётгани, биргаликдаги лойиҳалар юртимизда мазкур соҳани ривожлантиришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан, коронавирус ҳамда бошқа юқумли инфекцияларга қарши курашиш, вакцинация, санитария-эпидемиология ва яна қатор йўналишлар бўйича тегишли лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.
Масалан, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари билан биргаликда юртимизда “Амалий эпидемиология бўйича ўқув дастурининг базавий даражаси” халқаро малака ошириш курси йўлга қўйилиб, унинг доирасида бир гуруҳ тингловчилар ўқитилди.
Шунинг баробарида, COVID-19га қарши эмлаш дастури доирасида CDC мутахассислари кўмагида 800 нафар оилавий шифокор, эпидемиолог ва педиатрлар малака оширди.
Жорий йилда ўзаро ҳамкорлик асносида Амалий эпидемиология бўйича ўқув дастури (FETP) орқали тиббиёт ходимларининг эпидемиологик текширувлар ўтказиш, илмий маълумотларни таҳлил қилиш ва хавфли юқумли касалликларга қарши зарур чоралар кўриш юзасидан билим ҳамда малакаларини ошириш режалаштирилган.
Қолаверса, Ўзбекистонда COVID-19га қарши самарали кураш тадбирлари доирасида эмлаш дастурини кучайтириш, коронавирус ва бошқа юқумли инфекцияларнинг тарқалишини камайтириш, нафас олиш хасталикларини назорат қилиш тизимини қўллаб-қувватлаш каби муҳим лойиҳалар йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Учрашувда, шунингдек ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, жумладан, мамлакатимизда вирусли гепатитнинг В ва С турларини бартараф этиш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш юзасидан техник ёрдам кўрсатиш, COVID-19нинг айланма штаммларини аниқлаш, Микробларга қарши чидамлилик лойиҳасини ишга тушириш бўйича ҳам алоқаларни кенгайтиришга келишиб олинди.
ЎзА