Бугун Мюнхенда Хавфсизлик конференцияси – ташқи сиёсат ва мудофаа форуми иш бошлайди. Бу йилги тадбирнинг асосий мавзуси Россия-Украина атрофидаги зиддият бўлади. Бу ҳақда “ТАСС” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 1990 йилларнинг охиридан бери биринчи марта Россия делегацияси мазкур тадбирга таклиф қилинмади. 

Бавария пойтахтида бўлиб ўтадиган уч кунлик конференция ишида бутун дунёдан 40дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 90га яқин вазирлар, шунингдек, юзлаб сиёсатчилар ва экспертларнинг қатнашишлари кутилмоқда.

Мазкур тадбирда АҚШ энг катта делегация билан қатнашади: вице-президент Камала Харрис бошчилигидаги ҳайъат таркибида Давлат департаменти, Пентагон ва Конгрессдан кўпсонли вакиллар бор.

Ташкилий қўмитанинг маълумотига кўра, бу сафарги Мюнхен конференциясида иккинчи йирик делегация Украинадан бўлади. Ташқи ишлар, мудофаа вазирлари, Олий Рада депутатлари ва бошқа масъуллар бор.

Анъанага кўра, конференция ишини Германия канцлери Олаф Шольц бошқаради. Бошқа хорижий давлатлар раҳбарлари қаторида Озарбайжон, Грузия ва Молдова президентлари, Арманистон бош вазири тадбирда иштирок этишади.

 

ЎзА