Президент ташрифидан сўнг…
Электр энергияси мамлакат иқтисодиёт тармоқлари учун ҳам, аҳоли учун ҳам энг зарур манбалардан бири саналади. Унинг барқарор таъминоти бир қатор омилларга боғлиқ.
Мамлакатимизнинг бир йиллик электр энергияси истеъмоли ўтган йили 67 миллиард 985 кВт соатни ташкил қилган. Бу ресурсга бўлган талаб йилига 5-6 фоизга ортиб бормоқда. Бу ўринда йилдан йилга аҳоли сони ва эҳтиёжларнинг ортиши, иқтисодиётнинг ўсишини ҳисобга олиш лозим. Мутахассислар фикрига кўра, 2030 йилга келиб йиллик электр энергияси бўйича истеъмол ҳажми 120 миллиард кВт соатдан зиёдга етиши тахмин қилинмоқда.
Бу рақамлар соҳада амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа, қилинадиган ишлар нечоғлик долзарб ва аҳамиятли эканини кўрсатади.
Мамлакатимизга қиш мавсумининг анча совуқ келиши электр энергияси таъминотида мавжуд муаммоларни яққол юзага чиқарди. Хусусан, жойларда айрим трансформаторлар эскиргани, оқибатда юкланишни кўтара олмагани сабабли электрда узилишлар кузатилди.
Давлатимиз раҳбари ҳузурида бу каби муаммоларга самарали ечим топиш, тезкор чоралар кўриш учун бир қатор йиғилишлар ўтказилди. Соҳа масъулларига тегишли топшириқлар берилди. Тармоқ учун зарур жиҳозлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича вазифалар ҳам белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни пойтахтимизнинг Сергели туманидаги «Aysel Energy» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишган эди.
Ташрифдан сўнг корхона масъуллари билан суҳбатлашар эканмиз, бу учрашув келгусида мамлакатимизда энергетик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг бир қисми бўлганини таъкидлади.
Асосан турли хилдаги электр трансформаторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона 2019 йилда иш бошлаган эди. Саксон нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган корхона йилига 10 минг дона электр ускуна ишлаб чиқариш ҳажмига эга. Бугунги кунда маҳсулотлар асосан ички бозорга йўналтирилмоқда. Истиқболда Россия ва Туркия давлатларига экспорт йўлга қўйилади.
– Айни пайтда савдо айланмамиз ойига 20-30 миллиард сўмни ташкил қилмоқда, – дейди «Aysel Energy» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Денис Головин. – Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар катта юкламаларда ҳам ишлай олади, шунингдек, энергия тежамкор. Нафақат йирик саноат корхоналари, балки уй-жой қурувчи ширкатлар билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Маҳсулотлар учун зарур металл хом ашёни, мисни мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқарувчилардан оламиз. Бу жараён маҳаллийлаштириш даражасига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Президент корхонамиз фаолияти билан танишиб, ходимлар билан мулоқот қилди. Импортни камайтириб, экспортга эътибор қилишимиз зарурлигини таъкидладилар. Маҳаллийлаштиришни ошириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Иш жараёнида бу топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратамиз.
Сўзимиз бошида электр энергиясининг барқарор таъминоти бир қатор омилларга боғлиқлиги ҳақида таъкидлаган эдик. Улардан бири замонавий трансформаторлар саналади. Маълумотларга кўра, бу йил мамлакатимизда 3 минг 200 та трансформатор, 12 минг километр кабелларга зарурат бор.
Корхона Туркиядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган. Иш жараёни эса тўлиқ автоматлаштирилган. Бу ишлаб чиқарилаётган қурилмаларнинг юқори сифатини таъминлайди.
Корхона ўтган қисқа даврда турли даражадаги кучланишли ва тўпламли тақсимловчи қурилмаларни ишлаб чиқариш бўйича республикада етакчилардан бирига айланмоқда.
Электр энергиясига талаб ортиб бораётган, уни тежаб, назорат билан ишлатиш зарур бўлаётган бугунги шароитда бу каби йирик лойиҳаларга эътибор ортиши муҳим аҳамиятга эга.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири