Маълумотларга кўра, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 1991 йил 21 июнда мамлакатимизда аёллар тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Ассоциация бугунги кунда 17 минг нафар тадбиркор аёлни бирлаштира олган кенг тармоққа айланиб улгурган. Республика бўйича 200 нафардан ортиқ малакали тренерлар жамоатчилик асосида фаолият юритади.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясида   “Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш истиқболлари”  мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз борди.

Мамлакатимизнинг қишлоқ ва шаҳарларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, гендер тенглигига эришиш, янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётда аёллар салоҳиятини ошириш ва инсон капиталидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган 100 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилган.

Ўз мақсад ва вазифаларини амалга ошириш йўлида ассоциация ЕХҲТ, БМТ, БМТТД, USAID, ЕТТБ, ИТБ каби бир қатор халқаро ташкилотлар билан қўшма лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқда.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Г.Маҳмудованинг сўзларига кўра, ушбу ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка ўргатиш, аёллар миграцияси, гендер тенглиги ва иқтисодий интеграция, савдонинг глобаллашуви ва янги иш ўринлари яратиш масалаларини ҳал этиш имконини бермоқда.

Шу билан биргаликда, ассоциация мамлакатимизда фаолият олиб бораётган давлат ташкилотлари билан ҳам мустаҳкам алоқалар ўрнатган. Хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан 5000 нафар аёлни бизнес асосларига ўқитиш бўйича ижтимоий буюртма амалга оширмоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан Ўзбекистонни Аёллар тадбиркорлиги халқаро глобал индексига қўшиш, аёлларни тадбиркорликка масофавий ўқитиш бўйича ягона онлайн платформа яратиш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

– Ўтган 2022 йилда эришилган энг катта ютуқ ассоциацияга халқаро статус берилганидир, – дейди Г.Маҳмудова. – Ўтган йиллар давомида 50  минг 320 нафар аёл семинар ва малака ошириш таълим дастурларида иштирок этди. Уларнинг 80 фоизи ишга жойлашди. 43 минг нафар аёл бизнес асосларига ўқитилди. Уларнинг 75 фоизи ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. 30 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Тадбирда ассоциация мамлакатимиз ва хорижда тан олинган, чекка қишлоқлардан тортиб йирик шаҳарларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи кучли жамоага айланиб бораётгани қайд этилди.

Йиғилишда хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кенгайтириш ва ҳимоя қилиш учун шарт шароитлар яратиш, уларнинг тадбиркорлик ва ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ҳамжамият, донор ташкилотлар ва ҳамкорлар иштирокида долзарб вазифалар  муҳокама этилди.

– Ўзбек аёллари ҳар ишда илғор бўлиб келган. Барчамиз биламизки, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда фаол бўлиши улардан эркакларга нисбатан икки-уч карра кўпроқ куч-қувват ва матонат талаб этади. Энди хотин-қизларга бизнес ғоя, маркетинг, менежмент, таҳлил, бизнесни бошқариш каби тушунчалар бегона эмас, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ходими Замира Муқодирова. – Ассоциация Тараққиёт стратегиясининг мақсадларидан келиб чиқиб, ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўз фаолиятини такомиллаштириш, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини камайтириб, минглаб ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишни мақсад қилиб олган.

 Муҳайё Тошқораева, ЎзА