Aжиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб адабий анжуманлар, хотира кечалари, давра суҳбатлари, кўргазмалар, янги бадиий фильм премьераси бўлиб ўтмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 16 июлдаги “Aтоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Aжиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бетакрор шоир ижодини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Aжиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан тантанали адабий-бадиий хотира кечаси ташкил этилди.

Aтоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Aжиниёз Қўсибой ўғли ўзининг бетакрор ва сермазмун ижоди билан халқимиз маданияти ва адабиётини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва оғизбирчиликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган улкан ижодкордир.

Ҳассос шоирнинг шеър ва достонларида акс этган гуманистик фалсафий қарашлар халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Хивадаги машҳур Шерғозихон ва Қутлимурод иноқ мадрасаларида таҳсил олган бу улуғ сиймо нафақат мамлакатимизда, балки бутун минтақамизда халқчил шоир, етук муаллим ва устоз, моҳир хаттот сифатида шуҳрат қозонган. Унинг гўзал асарлари туркман, қозоқ, қирғиз ва бошқа қардош халқлар томонидан ҳам севиб ўқилмоқда.

Aжиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар режасига киритилгани ҳам унинг ижодий мероси умумбашарий аҳамиятга эга эканини англатади.

Пойтахтимиздаги «Миллий кино санъати саройи”да Aжиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм премьераси ҳам ўтказилди.

Фильмда Aжиниёзнинг сермазмун ҳаёти, миллий шеъриятимизни бойитишдаги ҳиссаси, унинг инсонпарварлик ва ватанпарварлик руҳидаги асарлари акс эттирилган.

Ушбу асар шоирнинг халқ орасида қанчалик эътиборли ва ҳурматга сазовор бўлганини яна бир бор намоён этади. Фильм шоир ҳаётининг муҳим воқеалари билан бирга,  қорақалпоқ халқининг бой маданий ва тарихий меросини ўзида акс эттирувчи воқеликларни ҳам очиб беради.

Фильмни суратга олиш жараёнида қорақалпоқ халқининг бой фольклорига, анъана ва урф-одатларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Тадбирда фильм ижодкорлари – режиссёр, сценарий муаллифлари ва суратга олиш гуруҳи ижодий жараён ҳақида батафсил сўз  юритдилар.

Мазкур ҳужжатли фильм Aжиниёз Қўсибой ўғлининг ижодий фаолиятини кенгроқ ёритиши билан бирга, бугунги ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳам катта аҳамият касб этади.

Атоқли қорақалпоқ шоирининг ижоди, фаолиятига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, мусиқий кечалар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

Н.Усмонова,  

ЎзА