Халқаро суднинг Нетаняҳуни ҳисбга олиш ордери
Ушбу ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Галантни ҳибсга олишга ордер бериши бўлди.
– Халқаро суд палатаси бир овоздан Исроилнинг Рим статути остидаги даъволарини рад этган иккита қарор қабул қилди. Шунингдек, Нетаняҳу ва Галантни Фаластинда содир этган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши тажовузлари учун ҳибсга олишга ордер берди, – дейилади ХЖС матбуот баёнотида.
Қарор эълон қилинганидан буён Нетаняҳу ва Исроил идоралари ордерни қораламоқда. Фаластин маъмурияти эса жараённи олқишлаб, низонинг тугашига муҳим қадам сифатида қарамоқда. Бироқ ғазолик аҳоли бунга шубҳа билан қарайди. Улар ишонадики, Оқ уй маъмурияти барибир Исроилни қўллашда давом этади.
«Халқаро судянинг Исроил раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер бергани ғазаблидир. Яна бир бор аниқ айтаман: Суд нимани назарда тутса ҳам, Исроил ва ҲАМАС ўртасида ҳеч қандай тенглик йўқ. Биз ҳар доим Исроил билан унинг хавфсизлигига таҳдид солувчи кучларга қарши курашамиз», – деди Қўшма Штатлар президенти Жо Байден.
Шу қаторда Канада, Жанубий Африка, Иордания, Нидерландия, Норвегия, Ирландия, Италия, Швеция, Бирлашган Қироллик, Франция, Белгия, Австрия, Швейцария, Туркия ва Европа Иттифоқи суд ордери бажарилиши кераклигини маълум қилган.
Шунингдек, ўтиб бораётган ҳафтада Америка Қўшма Штатлари Сенати мамлакатнинг Ғазога қарши уруши даврида Исроилга АҚШнинг қурол-яроғ сотишни блокировка қилишга қаратилган қонун лойиҳасини рад этди. Таниқли прогрессивлар ва асосий демократ сенаторлар бу ҳаракатни қўллаб-қувватлаган. Бошқа қуролларни сотишни тўхтатиш тўғрисидаги яна иккита резолюция ҳам 20 дан кам овоз тўплаганидан кейин муваффақиясизликка учради.
“Ҳужумкор қуролларни узатишнинг давом этиши ҳозирги инқирозни янада кучайтиради ва минтақавий беқарорлик оловига янада ёғ сепади. Апрел ойида Исроилга 14 миллиард долларлик мудофа ёрдами пакети учун овоз берган эдим ва ушбу позицияда давом этар эканман, Исроилга миномётлар, танк ва ҳужум ўқлари берилишига қаршилик билдираман”, — деган сенатор Берни Сандерс.
Республикачилар чора-тадбирларга қарши бирлашган бўлсада, Байден маъмурияти демократ сенаторларни уларга қарши овоз бериш учун ундагани маълум.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертларининг АҚШ иттифоқчиси Ғазода геноцид содир этаётгани ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, Байден маъмурияти ўтган йил давомида Исроилга хавфсизлик ёрдами учун қарийиб 18 миллиард доллар сарфлаган.
Бу ёрдам Исроилнинг ваҳшийликлари кучайиб бораётганига, жумладан Ливандаги кенг кўламли вайронагарчиликларга, фаластинлик маҳбусларга нисбатан жинсий зўравонликка ва Ғазодаги қамалга қарамай давом этмоқда.
Исроилга қурол жўнатишга қарши гуруҳ баёнотида айтилишича, улар АҚШ солиқ тўловчилари томонидан молиялаштирилган қурол-аслаҳаларнинг назоратдан чиқиб кетган Нетаняҳу ҳокимиятига жўнатилишидан норози.
“Ҳизбуллоҳ” ўз етакчиларини йўқотишда давом этмоқда. Ҳафта бошида “Ҳизбуллоҳ” матбуот котиби Муҳаммад Афиф Исроилнинг Байрут марказига уюштирган ҳужуми оқибатида вафот этганини Ливан томони тасдиқлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 киши яралангани, жами тўрт инсон ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди. Бошқа қурбонларнинг шахси ошкор қилинмаган.
Россия ва Украинадаги вазият
Ушбу ҳафта Россия Украинага ўрта масофага учувчи ракета билан ҳужум қилди.
“Reuters” хабарига кўра, 33 ойдан бери давом этаётган зиддият асносида, Москва айни ҳаракатни, Украина шу ҳафта РФ ичкарисидаги нишонларга қарата АҚШ ва Британия ракеталарини отгач, амалга оширган.
Россия Днепрдаги корхоналар ва бошқа муҳим инфратузилма манзилларини нишонга олган. Вилоят губернатори Сергей Лисак айтишича, ҳужум натижасида саноат корхонасига зарар етган, ёнғин чиқиб, икки киши жароҳатланган.
Украина томони яна бир неча турдаги ракеталар билан зарба берилганини маълум қилган. Урушдаги айнан бундай ўзгаришлар уруш бошланганига 1000 кун тўлганда содир бўлди.
Россиянинг Днепрга «Орешник» билан зарба бериши урушдаги бурилиш нуқталаридан бири ҳисобланади. Ушбу синовдан кейин Путин баёнот берди. Унга кўра, Россия ўз хавфсизлик таҳдидларига қараб янги турдаги ракеталарни синовдан ўтказади. «Орешник» сингари қуроллар дунёнинг бирорта давлатида мавжуд эмас ва уни давомли ишлаб чиқаришда давом этади.
Ушбу воқеадан кейин Зеленский иттифоқчиларидан қўшимча ҳаво қуролларини етказиб беришни сўраган. Унинг айтишича, Россия ҳам уруш нималигини ҳис этиши керак. Шунингдек, ушбу қурол бутун Европа бўйлаб нишонларга зарба беришга қодирлиги айтилмоқда.
Юқоридаги жараёнлар АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россияга зарба бериш учун АТАCМС баллистик ракеталаридан фойдаланишга рухсат бериши ортидан содир бўлди.
Биринчи АТАCМС ракеталари Киевга 2023-йилда етказиб берилган. Бироқ яқин вақтгача Вашингтон улардан Россиядаги нишонларга ҳужум қилишда фойдаланишни тақиқлаб келган. АҚШ шу пайтгача бундай резолюция можаронинг кучайишига олиб келади, деб ҳисоблаб келган.
Шунингдек, Путин мамлакат ядро доктринасини кўриб чиқди. Ундаги муҳим жумла шуки, агар ядро қуролига эга давлат ушбу қуролга эга бўлмаган давлат билан Россия ҳужум қилса, Кремл ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини маълум қилган.
Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.