Заминимиз инқироз ботқоғига ботаётгандек… Таъбир жоиз бўлса, ҳозир дунёга шундай “ЭНАГА” керак-ки, бир “фарзанди” (мамлакат)ни иккинчисидан устун қўймасин, ноҳақликни сезса, тап тортмасдан айбдорни жазолай олсин ва энг асосийси, тилидан чиққан сўзнинг “заҳри” бўлсин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1945 йил ташкил этилган, асосий мақсади халқаро тинчликни сақлаш, давлатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш. Афсуски, сўнгги йилларда БМТнинг самарадорлиги, ишончлилигига путур етгандек. Шу боис, тузилма жуда кўп танқидга учрамоқда.

Муаммолар

1. Ташкилотнинг тизими ва вазифаси. БМТда беш доимий аъзо мамлакат бор: АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция. Бу давлатларнинг вето ҳуқуқи бошқа аъзолар томонидан қабул қилинган қарорни рад эта олади. Бу ҳолат бирор муҳим масала бўйича хулоса чиқариш жараёнини секинлаштиради ёки умуман тўхтатади.

2. Ресурс чеклангани. БМТда маблағ етишмаслиги туфайли дастур ва лойиҳалар ижроси таъминланмаяпти, муаммолар ҳал қилинмаяпти.

3. Инсон ҳуқуқи. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши доимий равишда танқидга учрайди. Айрим давлатлар инсон ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ масалада ўз қарашини ҳимоя қилиш учун овоз бериш ваколатини суистеъмол қилиш ҳолатлари тез-тез юз беради.

4. Ижтимоий адолат ва тенгсизлик. Аҳолисининг ижтимоий-сиёсий ҳолати турли давлатлар ўртасида тенгсизлик мавжуд. БМТ бу масалани ҳал этиш учун етарли даражада самарадор воситага эга эмас.

Ислоҳот зарурати

– Вето ҳуқуқи тизимини қайта кўриб чиқиш зарур. Янги дунё тартибига мос равишда ҳар бир давлатнинг овози бир хил аҳамиятга эга бўлиши керак.

– БМТ молия тизимида янада шаффофликни таъминлаш, донор давлатлар ҳиссасини ошириш лозим.

– Инсон ҳуқуқига оид масалаларда қатъий чора кўриш, муайян вазиятни тезкор баҳолаш механизми яратилиши шарт.

– Ижтимоий адолатни таъминлайдиган дастурлар кўламини кенгайтириш керак – бу иқтисодий инқирозни сусайтиради.

Хуллас, БМТ глобал муаммоларни бартараф қилишда муҳим роль ўйнайди, бироқ тузилманинг самарадорлиги жиддий сўроқ остида турибди. Ташкилотни ислоҳ қилиш орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал муаммоларни ҳал қилиш имкониятини ошириш мумкин. Ислоҳот нафақат ички тизимни ўзгартиради, балки бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ўрнатишга хизмат қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА