Туркия АҚШ маъмуриятининг Украинага Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун тактик ракета тизимидан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги қарорини маъқулламайди ва тўғри, деб ҳисобламайди.
“Анадолу” хабарига кўра, Президент Режеп Таййип Эрдоған Рио-де-Жанейродаги G20 саммитидан қайтаётганда самолёт саҳнида журналистлар саволларига жавоб бериш асносида шундай деган.
– Байден бу билан РФ ва Украина зиддиятини яна қўзғатиш, уруш ҳеч қачон тугамаслиги ва ҳатто тарқалишини таъминлаш йўлида навбатдаги қадамни ташлади, – деди Туркия раҳбари. – Айни қарор минтақа ва бутун дунёни катта уруш ёқасига олиб келиши мумкин. “Биздан кейин тошқин бўлади” тамойилига таяниб, ҳеч нимага эриша олмайсиз.
Эрдоған бу масаладаги энг кичик хато ҳам “порох тўла улкан идишга учқун ташлаш” билан борабарлигидан огоҳлантирди:
– Шунинг учун мен барчага эҳтиёт бўлишни тавсия этаман. Биз бошданоқ Украина – Россия можаросини қурол, қон ва кўз ёш билан эмас, балки фақат тинчликка йўналтирилган саъй-ҳаракатни кучайтириш, хайрихоҳлик ва дипломатия орқали тўхтатиш мумкинлигига ишонгандик.
Сиёсатчи Оқ уйнинг сўнгги қарори Россияни янада кескин ҳаракатга ундаши мумкинлигидан ҳам хавотир билдирди.
Сўнгра Президент Туркиянинг ўз чегараларидаги террор таҳдидини йўқ қилиш режаларига тўхталди:
– Туркия террор муаммосини ўтмишда қолдиришга қарор қилди. Энди ўлкамизга сарҳадларимиз ташқарисидан таҳдид солаётган тузилмаларга нисбатан бағрикенглик кўрсатмаймиз. Анқара ҳозирги воқеликка ҳам, АҚШ Суриядан чиқиши натижасида юзага келадиган вазиятга ҳам тайёр. Биз учун миллий хавфсизлик устувор аҳамиятга эга. Терроризмдан холи Туркия яратиш мақсадига яқинмиз. Муаммонинг барча жиҳатларига эътибор қаратганмиз, террорни йўқ қилишга қатъий қарор қилдик.
G20 саммити якунларини шарҳларкан, у очлик ва қашшоқликка қарши кураш, шунингдек халқаро ташкилотларни ислоҳ қилиш масалалари ҳам форум кун тартибидаги асосий мавзуларга айланганини эслатиб, Туркия глобал тенгсизликни бартараф этишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Шаффоф ва ҳисоб берувчи халқаро тизим зарурлигини таъкидлаб, жумладан, шундай деди:
– Глобал тизимдаги муаммолар тузатиб бўлмас зиён келтирмоқда. Бу бузилган тизим дунёмизни улкан фалокатга олиб келмасидан, ислоҳ қилиниши керак.
М.Пирматова тайёрлади.
ЎзА