Фарғона дейилганда, беихтиёр кўз олдимизда чароғон қуёш, баҳор чечакларининг нозларидан сархуш дашту далалар, булбул нағмаларига уйқаш қир-адирлару лола, қўзигулларнинг заъфарон чеҳраларида маржон-маржон товлангувчи тонг шабнамлари жилоланиб; баҳорпарвар шоир Ҳамид Олимжоннинг «Водийларни яёв кезганда, бир ажиб ҳис бор эди менда….» дейилмиш шукуҳли байтлари эсимизга тушади. Тушади, ва… руҳониятимиз райҳонлар атрига кўмилиб, тўлиб-тошиб бораётгандек бўлаверади.
Илло, Фарғона водийси минтақавий манзили ва гўзал табиатига кўра азал-азалдан абадий яшилликлару, мангу баҳор тимсолига айланиб кетган. Бу маконнинг ҳар гўшасида Бобуру Машраб, Фурқату Муқимий, Нодираю Увайсий ғазалларини хиргойи қилиб, бахтиёр ва хуррам яшаётган чўпонлар билан деҳқонларга, Усмон Носир ёхуд Муҳаммад Юсуфдан шеърлар айтаётган йигит-қизларга дуч келасиз.
Битмас-туганмас илҳом манбаи бўлмиш бу заминнинг уч ҳудуди – Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари сўнгги йилларда яна ҳам чирой очиб, ривожланиб, юксалиб, яна ҳам дилбар бўлиб бораётгани гўзал ташбеҳларга сазовордир. Водий аҳлининг бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишлари туфайли, албатта, бу ерда янги иморатлар, боғ-роғлар, энг замонавий корхоналар бунёд этилмоқда. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта ана шу заминда бўлди. Водийликларнинг ҳаёти, ишлари билан танишди, улар билан самимий суҳбатлар қилди. Президент раҳбарлигида келгусидаги режалар яна бир марта таҳлил қилинди. Ушбу таассуротларимиз водийнинг «Уч оғайни ботирлар»идан бири – Фарғона вилояти ҳақидадир..
Бир мақолада Фарғонада қилинаётган ишларнинг ҳаммаси ҳақида тўхталиш қийин. Аммо, Фарғона шаҳрида янги ташкил этилаётган йўлдош шаҳарча – «Экошаҳар» тўғрисида алоҳида гапирмаслик мумкин эмас. Маҳобатсиз айтиш мумкинки, 300 гектарлик майдонда қад ростлаётган бу «Экошаҳар» – фарғоналиклар қўли билан бунёд этилаётган мўъжиза – ҳадемай нафақат вилоятда, балки бутун водийда энг йирик ва обод кентлардан бирига айланади. Шаҳарча Фарғонада аҳолини уй-жой ва иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорларга қўшимча қулайлик ва имконият яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш доирасида ишлаб чиқаришнинг замонавий технологик базасини шакллантириш, барча жараёнларга инновацияларни жорий этиш, юқори сифатли маҳсулотлар яратиш ва хизмат кўрсатишни таъминлаш ҳамда шу орқали ҳудудда саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш мақсадида бунёд этилмоқда.
Шаҳарча лойиҳаси мамлакатимиз раҳбарининг топшириғи билан Жанубий Корея тажрибаси асосида ишлаб чиқилган. Бу ерда 7, 9, 12, 25 қаватли уйлар қад ростламоқда, қурилиш ишларига Жанубий Корея, Туркия давлатларининг компаниялари жалб этилган. Ҳозирги кунда «Янги Ўзбекистон боғи» ҳамда «Кичик саноат зонаси» ташкил этилган. «Экошаҳар» ҳудудида уй-жойлар қуриш, ободонлаштириш, муҳандислик коммуникация тармоқларини тортиш ва «Янги Ўзбекистон боғи» қурилиши учун 6 триллион 131 миллиард сўм маблағ сарфланади. Бу ерда 85,5 минг аҳоли учун 204 та кўп қаватли уй қуриш белгиланган. Янги массивда 10 та боғча, 6 та умумтаълим мактаби, поликлиника, масжид ҳамда соғломлаштириш мажмуаси бунёд этилади. 15 та маъмурий идора қад ростлайди.
«Янги Ўзбекистон боғи» қурилиши учун 60 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, туб аҳоли ҳамда меҳмонлар учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Япон меҳмонхонаси», «Япон боғи» ва «Савдо мажмуаси» қурилмоқда. «Экошаҳар» ҳудудидаги 50 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Мазкур зона ташкил этилиши ҳисобига яратиладиган янги иш ўринларига, биринчи навбатда, соҳа мутахассислари, ҳудуддаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларни жалб қилиш орқали уларнинг бандлиги таъминланади.
Ҳозир ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. «Янги Ўзбекистон» массиви туркумига кирувчи кўп қаватли уйлар бунёд этилмоқда. Фарғона мўъжизаларидан яна бири Олтиариқ туманидаги Катпут массивининг «Қўрғонча» маҳалласи ҳудудида ташкил этилган узумчилик ва боғдорчилик плантациясидир.
Ҳаммамизга аёнки, давлатимиз раҳбари ҳудудларни ривожлантиришда уларнинг ўзига хос хусусиятидан ва аҳоли кўникмаларидан келиб чиқиб иш тутиш зарурлигини қайта-қайта таъкидлайди. Олтиариқликлар эса қадимдан ширин-шакар узумлари билан донг таратган. Олтиариқ узумлари чет элларда ҳам таниқли «бренд»га айланган.
Бундай маҳсулотларни кўпайтириш мақсадида туман чеккасидаги минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантацияси ташкил этилди. Илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер, тошлоқ эди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида халқимиз ризқ-рўзи учун минг гектарлик янги манба пайдо бўлди. Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи доирасида мазкур узумчилик ва боғдорчилик плантациясида бўлиб, амалга оширилган ишлар билан танишиб чиққанидан кейин ишлар янги босқичга кўтарилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан ўзлаштирилган 1 000 гектар майдонда лойиҳада кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун қиймати 102 миллиард сўм бўлган ишлар бажарилди. Бу пулларнинг асосини тижорат ва маҳаллий банклар кредити ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ташкил этди. Жаҳон банки 1 миллион АҚШ доллари миқдорида гранд ажратди.
Ўзлаштирилган ер майдонлари 1421 та лотларга бўлиниб, 560 гектарида узум кўчатлари ва 300 гектарида интенсив боғлар ҳамда 140 гектарида инфратузилма майдони ташкил этилиб, ушбу ер майдонларига томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Бунинг учун 15 дона тик қудуқ, 5 дона мембрана ҳовуз қурилди. Токзорларда 5 турдаги «Ҳусайни», «Келин бармоқ», «Мерс», «Ризамат» ва «Кишмиш» навли узумлар, интенсив боғларга эса олма, гилос, ўрик кўчатлари экилди. Ҳудудда 4 та янги кооперация «Янги Қўрғонча боғлари», «Олтиариқ янги боғлари», «Бест кооператор», «Олтиариқ яшил макон» ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди. Келгусида қишлоқ хўжалиги учун 2 та мини трактор, 13 та юк машинаси сотиб олинади. Ҳудудда 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилиб, уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган юртдошларимиз иш билан таъминланади.
Бу ер замонавий агросаноат мажмуига айланади – 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омбор, маиший хизмат шохобчалари барпо этилади. Яна 6 та мини трактор, 10 та юк машинаси сотиб олинади. Боғ ва токзорлар эндиликда аҳолига бўлиб берилмоқда. Кўзланган мақсадлар ва эришиладиган натижалар аниқ: етиштирилган маҳсулотларнинг 30,4 фоизи Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади, 64,4 фоизи ички бозорга сотилади ҳамда 5,2 фоизи қайта ишланади.
Бугунги кунда 1341 та иш ўрни яратилган бўлса, бу рақам келажакда 3 145 тага кўпаяди. 1 гектар ер майдонидан олинадиган даромад 180 – 200 миллион сўмга, 1 нафар фуқаронинг даромади эса 45 – 50 миллион сўмга етажаги ҳам аниқ-тиниқ ҳисоб-китоб қилинган.
– Мен Россияда мигрант эдим, – дейди «Қўрғонча» МФЙ фуқароси Азизжон Исмоилов. – Ўтган йили токзордан 20 сотих ер беришди. Токлар орасига ловия, тарвуз, маккажўхори экиб, 15 миллион даромад олдим. Токларим тўлиқ ҳосилга кирсин, насиб бўлса, ҳақиқий миллионер бўламан.
Азизжондек бўлғуси миллионерлар бу ерда оз эмас. Алқисса, мазкур узумчилик ва боғдорчилик плантацияси аҳоли даромадини ошириш баробарида, юртимиз экспорти салоҳиятини ошириш учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади. Энди икки оғиз кластер дейилмиш мўъжиза ҳақида. Маълумки, кластер атамаси лисонимизга кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо, қисқа муддатда бу калима каттаю кичик – ҳамманинг юрагига сингиб улгурди. Сабаби эса аён: кластер иқтисодиётимиз юксалишининг илҳомчисига айланди. Буни Фарғона мисолида, биргина пахтачилик соҳасида ҳам аён кўриш мумкин. 2022 йилда вилоятдаги 2 минг 509 та фермер хўжалиги томонидан 82 минг гектар майдонга чигит экилди Фермерлар 13 та пахта тўқимачилик кластер корхоналари билан 285 минг тонна пахта хомашёси етиштириш бўйича шартномалар имзолашди. Астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини кўрсатди. 285,8 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди.
Вилоятда пахта ҳосилдорлиги кўрсаткичи 2021 йилга нисбатан 1,5 центнерга ошди. Яъни, 2021 йилда вилоятда пахта ҳосилдорлиги 33,3 центнерни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 34,8 центнерга етди. Тўқимачилик тармоғи хомашё, экспорт ва аҳоли бандлигида улкан салоҳиятга эга. Фақат илмга асосланиб самарадорликни ошириш, жайдарича айтганда, «ишнинг кўзини билиш» керак.
2018 йилда 300 нафар ишчи билан биргаликда дастлабки ишлаб чиқариш тармоғини йўлга қўйган тадбиркор Музаффар Раззоқов тез орада катта лойиҳа – «Global textile group»га асос солди. 1500 та янги иш ўрни яратган мазкур компания юқори сифатли машиналарда бўялган ва босилган трикотаж матоларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
«Global textile group» – дунёдаги энг яхши ипларни ишлаб чиқарадиган Ўзбекистондаги етакчи тўқимачилик компанияларидан бири ҳисобланади. Мазкур компания гуруҳига Тошкент ва Фарғона шаҳарларида жойлашган бир нечта йигирув фабрикалари, тўқиш, бўяш устахоналари, пахта тозалаш заводи, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимига эга пахта далалари киради. Компанияда тўлиқ кластер тизими жорий этилган бўлиб, пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичлари «Global textile group»да амалга оширилади.
Бугунги кунда компания ўз маҳсулотларини Марказий ва Шарқий Европа, Бангладеш, Туркия, Хитой, Россия Федерациясига экспорт қилмоқда, шунингдек, маҳаллий бозорда сотмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида «Global textile infinity» кластерининг ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Ўшандаги кўрсатмалар асосида лойиҳа жадаллаштирилиб, декабрда ишга туширилди.
Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг «Rieter machine works» ускуналари ўрнатилган.
Корхона йилига 18 миллион метр аралаш мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Европа давлатлари ва Хитойга 85 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун корхонада сифат лабораторияси ташкил этилган. Яна бир муҳим жиҳати, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологиялар қўлланмоқда. Иншоотнинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Буларнинг натижасида қарийб 23 фоизгача энергия самарадорлигига эришиш мумкин.
Ҳозирги биринчи босқичда фабрикада 1 минг 500 нафар киши ишламоқда. Жорий йил мартда фабрикада тўқима мато ишлаб чиқариш бошланади. Шунингдек, Учкўприк туманида ип-калава ва мато тайёрлаш ҳамда пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этилмоқда. Шунда кластердаги жами иш ўрни 4 минг 800 тага етади. Бу ерда ўқув ва касаначилик маркази ҳам очилган. Унда корхона учун зарур 4 та йўналишда мутахассислар тайёрланмоқда.
– Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунга келиб, «Global textile infinity» мисолида 100 фоиз ўзимизда пахтани қайта ишлашга гувоҳ бўлиш мумкин. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш борасида тадбиркорларга кенг шароит яратиб бериш учун мамлакатимизда алоҳида индустриал зоналар ташкил этилмоқда. Корхонамиз жойлашган ҳудуд «Оқтепа» кичик саноат зонаси ҳисобланади. Бу янги авлод корхонаси, – дейди «Global textile infinity» кластери раҳбари Музаффар Раззоқов. – Аҳамиятли жиҳати шундаки, қурилиш дастурига мувофиқ, корхона жойлашган ҳудудга яқин маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли учун электр тармоғи линиясини тортиш, ичимлик сув олиб келиш, кўчаларни асфальтлаш, боғча ва мактаблар қуриш, йўл белгилари ўрнатиш, шаҳар марказига бориш йўналишларини шакллантириш, ёшлар учун ўқув марказлари қуриш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва муқобил электр энергия манбалари жорий этиш каби ижтимоий лойиҳалар ҳам кўзда тутилган. Германияда ўқиб, ишлаб юрганимда юртимизда шундай саноат корхонаси қуришни орзу қилгандим. Орзуим рўёбга чиқаётганидан мамнунман.
Ҳа, орзулари ушалаётган инсонлар Фарғона томонларда оз эмас. Болапарвар, ўсмага ўч келинчаклар, тилларидан шукроналик тушмайдиган мўйсафид оталару нуроний оналар, кулгую ўктам қаҳқаҳалари гўдак нафаси янглиғ ғуборсиз шабадалар кезиб юрган дала-даштларда акс-садо берадиган азамат йигитлар ундан-да кўп. Олов қалблар яратаётган мўъжизалар мўъжизаларга уланаверсин!
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
Манба: “Ишонч” газетаси