Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб «Бобур. Юлдузли тунлар» романининг инглизча нашри (“Babur: Starry Nights”) чоп этилгани барча ижодкорларни хурсанд қилди.

Пойтахтимизда ушбу китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тарихий роман атоқли шоир, саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (1483–1530) драматик ҳодисаларга бой қисматидан ҳикоя қилади.

Соҳибқирон Амир Темур наслига мансуб Бобур Мирзо замонавий Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва Афғонистоннинг жануби-шарқий қисмини эгаллаган, Британия мустамлакасига қадар, ХIХ аср ўрталаригача ҳукм сурган Бобурийлар давлатига асос солди.

Бобур ҳаёти давомида бошидан кечирганлари, ғалаба ва мағлубиятлари, шубҳа ва изтиробларини кейинчалик «Бобурнома» деган ном билан машҳур бўлган хотиралар дафтарида баён этиб борган. Пиримқул Қодиров бетакрор романини ёзишда «Бобурнома»га таянган.

Китобни ўқир экансиз, ХV–ХVI асрларда Марказий Осиё ва Ҳиндистонда кечган тарихий воқеалар билан яқиндан танишасиз.

Романни британиялик адабиётшунос Керол Ермакова инглиз тилига ўгирган. Таржима матни Жули Уикенден томонидан таҳрир қилинган. Таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов эса нашр учун суратлар ишлаган. Китоб Франциянинг нуфузли “Nouveau Monde Editions”  нашриётида чоп этилган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Babur: Starry Nights” китоби Ислом Каримов фондининг 6 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ўн олтинчи ноширлик лойиҳаси бўлди.


ЎзА