Самарқанд давлат тиббиёт университетида Кореядаги Сеул Миллий университети профессори О Бомжо бошчилигидаги мутахассислар иштирокида қаришга қарши курашиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Университет эндокринология кафедраси профессор-ўқитувчилари, клиник ординаторлар, магистр ва талабалар, шаҳар ва туман эндокринологлари қатнашган тадбирда бугунги кунда дунё миқёсида касалликларни даволаш ва олдини олиш ишларининг яхшиланиши, тиббиёт ривожланиши натижасида инсонларнинг ўртача умр кўриш ёши ортиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистонда айни пайтда ўртача умр  аёлларда 76, эркакларда 74 ёшни ташкил этмоқда. Ҳозирда жаҳон тиббиётида яна бир йўналиш – қариликка қарши кураш, инсонларни биологик ёшартириш йўналишини юзага келтирди.

Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Ж.Ризаев, университет эндокринология кафедраси мудири, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиали бош шифокори Г.Негматова мамлакатимиз тиббиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, касалликларни аниқлаш ва беморларни даволашда замонавий инновацион усуллар кенг жорий этилаётгани ҳақида сўз юритди. Бу борада Самарқанд давлат университетининг хориждаги етакчи олий таълим муассасалари ва тиббий марказлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлиги самара бераётгани таъкидланди.

– 60 ёшдан ошган аксарият кексалар саломатлигидаги муаммолар сабабли мунтазам дори-дармон қабул қилади ёки сурункали касалликлар ногиронлик ҳолатларига олиб келади, – дейди Сеул Миллий университети профессори О Бомжо. – Бу дунё миқёсида кузатилаётган ҳолат. Бунинг олдини олиш учун кексалик ёшида ҳам соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаш, узоқ умр кўриш учун етти асосий қоидага риоя этиш зарур. Яъни, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, суткасига 7-8 соат ухлаш, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик, спиртли ичимлик ичмаслик, тана вазнини меъёрида сақлаш, ҳар куни эрталаб нонушта қилиш лозим.

Семинарда кореялик ва маҳаллий мутахассислар ўзаро тажриба алмашди.

Тадбирдан сўнг кореялик меҳмонлар Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида даволанаётган беморлар ва 40 ёшдан ошган соғлом аҳоли учун интерактив машғулот ўтказди. Машғулот давомида юз нафардан ортиқ беморларга тиббий кўрик натижасига кўра зарур тавсиялар берилди.


Ғ.Ҳасанов, ЎзА