Буюк Британиянинг “Emerging-Europe” онлайн журнали саҳифасида “Ўзбекистонни тушуниш учун кузатиш керак бўлган уч асосий тамойил” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Яқинда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети проректори Гулноза Исмоилова бошчилигида экспертлар делегацияси Буюк Британияга сафар қилган, ташриф давомида мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси кўмаги билан Кембриж университетида ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этган эди. Мақола айнан шу учрашувда билдирилган муҳим фикр, мулоҳазалар асосида ёзилган.

Шарҳловчи Дэвин Хас материалида Президент Шавкат Мирзиёев лавозимга киришгач, мамлакатда либераллашув жараёни жадаллашгани, минтақавий интеграцияни йўлга қўйиш орқали ички ва ташқи сиёсат тубдан ўзгаргани қайд этилган. Ўзбекистон Евросиё марказида стратегик мавқеини сезиларли даражада кўтариб олиши туфайли кун тартибида уч асосий тенденция устунлик қилиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган. Муаллиф ёзишича, бу тамойиллар ислоҳотларни давом эттириш зарурати, хилма-хиллик ва минтақавий интеграция ҳамда экологик ва ижтимоий муаммолардир.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган “Emerging Europe” фаолияти Марказий, Шарқий, Жануби-шарқий Европа ва Жанубий Кавказнинг 23 мамлакатига оид хабар, мақолаларни ўқувчилари эътиборига ҳавола қилишга йўналтирилган.

Мазкур мақоланинг тўлиқ матнини https://emerging-europe.com/news/understanding-uzbekistan-three-key-trends-to-watch/ ҳаволаси орқали ўқиш мумкин.

 

ЎзА