Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Сингапур шартномасини (Сингапур, 2006 йил 27 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Сингапур шартномасининг мақсади товар белгилари соҳасида ишловчи ва шу соҳа иштирокчиси бўлган барча мамлакатлар ҳамда регионал ташкилотларда товар белгиларига ҳуқуқий муҳофаза олиш тизими фойдаланувчилари учун янада мақбул шароитларни яратиш ҳисобланади.

Ушбу шартнома товар белгилари учун лицензияларни рўйхатдан ўтказиш бўйича қоидаларни ўз ичига олади ва рўйхатдан ўтказиш, лицензия рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги қайдларни тузатиш ёки бекор қилиш учун сўровномаларга нисбатан максимал талабларни белгилаб беради.

Мазкур халқаро шартномага қўшилиш Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатиб, мамлакатнинг жаҳондаги имижи ҳамда инвестицион жозибадорлигини ошириш имконини беради.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилишини қайд этди.

Шунингдек, йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА