Қозоғистон Республикаси ИИВ собиқ раҳбари Ерлан Тургумбаев қўлга олинди.
– 2022 йил январь воқеалари билан боғлиқ жиноий иш бўйича тергов давом этяпти, – дейилган республика бош прокуратурасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида тарқатилган хабарда. – 29 апрель куни оғир оқибатга олиб келувчи ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун ички ишлар вазирлиги собиқ раҳбари Тургумбаев Е.З. ҳибсга олинди.
Жиноий ишда давлат сирига тегишли маълумот мавжудлиги боис, судгача тергов тафсилоти ошкор этилмайди.
2022 йил 1 январь куни Қозоғистонда оммавий норозилик бошланиб, мамлакат ғарбида жойлашган Жанаозен ва Актау шаҳарларида аҳоли суюлтирилган газ икки баробар қимматлашганига қарши чиққан. Кейинроқ намойиш бошқа шаҳарларга, жумладан Олмаотага ҳам тарқалди. Мамлакат бош прокуратураси маълумотига кўра, тартибсизлик натижасида 230 киши, жумладан 19 нафар тартиб посбони ҳалок бўлган.