Бугун, 27 январь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида “CAFA Womenʼs Futsal Championship-2023” мусобақасининг 1-тур учрашувларига старт берилади.

Мазкур турнирда иштирок этаётган Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси дастлабки турни тожикистонликларга қарши баҳс билан бошлайди.

Кеча “CAFA Womenʼs Futsal Championship-2023” мусобақасининг 1-тур ўйинлари олдидан ўтказилган учрашувда турнирга оид айрим масалалар юзасидан тушунтириш бериб ўтилди.

ЎФА матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур чемпионат доирасида Тошкентда CAFA ҳакамлари учун семинар ташкил этилмоқда.

Унда CAFA га аъзо мамлакатларнинг 23 нафар ҳаками қатнашмоқда. Семинарнинг очилиш маросимида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, CAFA ҳакамлар қўмитаси раиси Равшан Эрматов иштирок этиб, футболга замонавий технологиялар жорий этилаётгани ҳакамликка жиддий эътибор қаратишга олиб келаётганини таъкидлаб ўтди.

Назарий ва видео тест асосида ўтадиган семинар машғулотлари 29 январгача давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА