Бугун, 26 январь куни чемпионатнинг ўғил болалар иштирокидаги сўнгги финал жанглари ташкил этилди.
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон терма жамоасининг 10 нафар аъзоси олтин медаллар учун кечган баҳсларда иштирок этди.
Қувонарлиси, ўтказилган баҳслар натижасига кўра, ҳамюртларимизнинг 9 нафари олтин, 1 нафари кумуш ҳамда 1 нафари бронза медалларига мушарраф бўлди.
Чемпионатнинг 48 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган Шодиёржон Мелиқўзиев финалда қозоғистонлик Санжар Ташкенбай билан рўбарў келди. Тенг курашлар остида ўтган учрашувда ҳакамлар қарори билан ғолиблик қозоғистонлик боксчига тақдим этилди. Жангнинг тенг ҳолатда ўтганлиги ҳакамлар томонидан берилган 29:28, 29:28, 28:28, 29:28 ва 29:28 балларида ҳам ўз аксини топди.
Айнан Мелиқўзиевнинг ягона кумуш медалли бўлганидан кейин ўтказилган 9 та финал жангининг барчасида вакилларимиз ғалаба қозониб, қитъанинг тенгсиз жамоаси эканлигини яна бир карра исботлади.
Жумладан, 60 килода Дилшод Абдумуродов таиландлик Путанет Родсукни, 63,5 килода Шаҳбоз Юнусалиев муғулистонлик Тулга Оюнбаатарни, 67 килода Бекзод Ҳамидов қозоғистонлик Абзал Серикни, 71 килода Нурислом Исмоилов қозоғистонлик Сабиржан Аккаликовни, 75 килода Аълохон Абдуллаев қозоғистонлик Диас Молжигитовни, 80 килода Жасурбек Йўлдошев хитойлик Халимулати Риемандуни, 86 килода Шоҳжаҳон Абдуллаев индонезиялик Роберрд Мускитани, 92 килограммда Нусрат Тоҳиров Камбоджа шарафини ҳимоя қилган ҳамюртимиз Абдулла Ражабовни ва +92 килода Жаҳонгир Зокиров хитойлик Аижахаир Туонгонгдажини мағлуб этиб, қитъа чемпиони мақомига эришди.
Шу ўринда айтиш лозимки, кеча қизлар ўртасида якунланган финал жанглари сарҳисобига биноан, вакилаларимизнинг 5 нафари олтин, 3 нафари кумуш ва 2 нафари бронза медалига эга чиқиши ва бугун ўғил болаларнинг 9 нафари олтин, 1 нафари кумуш, ярим финал жанглар якунига кўра, 1 нафари бронзали бўлиши, умумий медалларимиз сони 21 тага етганлиги юртимизда истеъдодли ёш боксчилар авлоди камолга етиб келаётганлигини кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, ўғил болалар ўртасида ўтган Осиё чемпионати финал жангларида мамлакатимизнинг 10 нафар, Қозоғистоннинг 6, Таиланднинг 3, Хитой ва Филиппиннинг 2, Камбоджа, Индонезия, Мўғулистон давлатларининг 1 нафардан вакиллари қатнашди. Мусобақаларда умумий ҳисобда 20 та мамлакатнинг 150 нафарга яқин боксчилари иштирок этди.
Мазкур нуфузли мусобақада умум жамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган боксчиларимиз 28 январь куни Тошкентга қайтиб келишади.
Т. Рўзиев, ЎзА