Маҳоратли шаҳматчимиз Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида 85-марта ўтаётган «Tata Steel Chess» мусобақасида Ўзбекистон номини улуғламоқда.

Айниқса, кеча, 17 январь тунда 6 соатдан ошиқ вақт давом этган шиддатли “ақл жанги”да Нодирбек Абдусатторов эронлик Парҳам Магсудлуни мураккаб позицион ҳолатда мағлуб этди.

Классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсен нидерландиялик Аниш Гирига имкониятни бой бериб қўйди.

Ушбу натижа Нодирбек Абдусатторовни 4-тур якунларидан кейин 3 очкога эга бўлишини ҳамда Аниш Гири билан етакчиликка эришишини таъминлади.

Ҳалқаро шахмат федерацияси манбалари тарқатган хабарга кўра, Абдусатторов-Магсудлу ўртасидаги ўзига хос ўйинни жуда кўп ишқибозлар кузатиб борган. Бу — «Tata Steel Chess-2023» турнири давомидаги ўйинлар орасида кўпларнинг эътибор марказидаги “дуэль” сифатида қайд этилди.

Ортда қолган мусобақа турларидан кейин айтиб ўтганимиздек, Абдусатторов ва Гири 3 очко жамғарган тарзда етакчилик қилмоқда. Улардан кейинги 3-4-ўринларни 2.5 очкога эга Фабиано Каруана и Рамешбабу Праггнанандаа эгаллаб турибди. 5-9-ўринларда эса 2 очко жамғарган Магнус Карлсен, Левон Аронян, Дин Лижэнь, Уэсли Со, Арджун Эригайс бормоқда.

Халқаро мусобақанинг «Челленжер» гуруҳида қатнашаётган яна бир шахматчимиз Жавоҳир Синдоров ҳиндистонлик Адибан билан қора доналарда ўйнаб, дурангга эришди.

Бугун, 18 январь Tata Steel Masters турнири иштирокчилари учун дам олиш куни.

19 январь куни ташкил этиладиган 5-тур ўйинида халқаро турнирнинг марказий учрашувларидан бири бўлиб ўтади. Айнан шу куни Нодирбек Абдусатторов-Магнус Карлсен узаро куч синашади.

 

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА