Нидерландиянинг Вейк-ан-Зе шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Tata Steel Chess” турнирининг ортда қолган 2-тур ўйинларидан кейин 1,5 очко жамғарган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов, норвегиялик Магнус Карлсен, хитойлик Дин Лижэнь ва нидерландиялик Аниш Гири пешқадамлик қилишмоқда.

Хабар берганимиздек, истеъдодли шахматчимиз Нодирбек мусобақанинг 1-турида руминиялик Рихард Раппортни мағлубиятга учратди. 15 январь куни кечган 2-турда Абдусатторов америкалик Фабиано Каруана билан муроса йўлини танлади. Амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен эса ушбу турда германиялик Винсент Каймерни мағлубиятга учратди.

2-турда шунингдек, қуйидаги натижалар қайд этилди:

Уэсли Со (АҚШ) – Аржун Эригайси (Ҳиндистон)  1/2, Левон Аронян (АҚШ) – Рамешбабу Прагнанандха (Ҳиндистон) 1/2,  Дин Лижэнь (Хитой) – Пархам Магсудлу (Эрон) 1/2, Аниш Гири (Нидерландия) – Доммарджу Гукеш (Ҳиндистон) 1-0, Йорден ван Форест (Нидерландия) – Рихард Раппорт   (Руминия) 1/2.

Бугун, 16 январь куни 3-тур баҳслари бўлиб ўтади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА