БМТнинг маълум қилишича, дунёнинг 15 та мамлакатида 5 ёшгача бўлган 30 миллиондан зиёд бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, уларнинг камида 8 миллиони очликдан нобуд бўлиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг янгиликлар сайтида келтирилмоқда.

Хабарда таъкидланишича, дунё бўйича тўйиб овқатлана олмаётган болалар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бу жараён  иқлим фалокатлари, қуролли можаролар, пандемия оқибатлари ҳамда ҳаёт кечириш тобора қимматлашиб бораётган шароитда айниқса тезлашмоқда. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар ҳам борган сари қимматлашиб бормоқда.

Мазкур масала бўйича яқинда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Қочқинлар масаласи бўйича БМТнинг олий камиссарлиги, БМТнинг Болалар жамғармаси, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти биргаликда қўшма баёнот эълон қилди. Унда  болалар очарчилиги фалокатга айланиб кетмасидан бурун унга қарши курашнинг глобал режасини ҳаётга жорий қилишни тезлаштириш лозимлиги айтилади.

Мазкур режа озиқ-овқат инқирози сурункали давом этаётган мамлакатлар, жумладан, Афғонистон, Буркина-Фасо, Чад, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Гаити, Кения, Мадагаскар, Мали, Нигерия, Сомали, Жанубий Судан, Судан ва Яманда  болалар орасида тўйиб овқатланмаслик ҳолатларини аниқлаш, очарчиликнинг олдини олиш ва уларни даволашга қаратилган.

«Афтидан 2023 йилда вазият янада ёмонлашади, — дейди Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй. — Биз кичкина болаларни ҳамда ҳомиладор ва гўдакларини озиқлантираётган аёлларнинг тўлиқ овқатланишини таъминлашимиз лозим.

Болаларнинг ҳаётини асраб қолиш  ва тўйиб овқатланмаслигининг туб сабабларига барҳам бериш учун кучларни бирлаштириб имкон қадар тез чоралар кўришимиз лозим», дейди у.