Уганда ҳукумати ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мамлакатда Эбола безгаги эпидемияси ниҳоясига етгани ҳақида эълон қилди. Эбола безгаги эпидемияси Угандада ўтган йили сентябрдан буён 55 кишининг ёстиғини қуритди, жами 142 киши касалланган.

Уганда соғлиқни сақлаш вазири Жейн Рут Асенгнинг баёнот беришича, мамлакат эпидемияни бартараф қила олди. Вирусга учраган энг сўнгги бемор 30 ноябрда касалхонани тарк этган. Шундан буён янги бемор аниқлангани йўқ.

Эбола безгагининг ҳозирги эпидемияси  мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ташкилотлари учун ҳақиқий синов бўлди, чунки бу галги эпидемия вируснинг Судан штамми бўлиб, унга қарши тасдиқланган вакцина ҳали мавжуд эмас, дейилади хабарда.

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Угандани “Эбола безгаги эпидемиясини бартараф қилишда эришган муваффақияти” билан табриклагани айтилмоқда.

Угандада жами етти марта Эбола безгаги эпидемияси тарқалган, уларнинг бештаси Судан штамми билан боғлиқ бўлган.