Жорий йил 10 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, саноатда мавжуд имкониятлар ва ишга солинмаган ресурслардан фойдаланиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу вазифалар ижросини муҳокама қилиш ва уни таъминлаш мақсадида  видеоконференцалоқа шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов тармоқ жадваллари ва 2023 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш режалари доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вазир ўринбосарлари, вазирлик таркибий тузилмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади.

Хусусан, саноат инфратузилмасини ривожлантириш, қўшимча филиаллар ташкил этиш орқали эркин иқтисодий зоналарни кенгайтириш, иқтисодий ривожланиши орқада қолаётган 60 та тумандаги саноат лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилиш, ҳар бир ҳудудда муҳандис кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳар бир йўналиш кесимидаги масалалар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, масъул ижрочилар ва аниқ ижро муддатлари кўрсатилган ҳолда муаммоларни бартараф этиш режалари ишлаб чиқилди.

Муҳокама якунлари бўйича давлат раҳбари томонидан 2023 йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажмини камида 14 фоизга ошириш юзасидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича масъул раҳбарларга қўшимча топшириқлар берилди. Тузилган ишчи гуруҳлар томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда олиб борилаётган ишлар самарадорлиги доимий ва тизимли равишда ўрганиб борилиши айтиб ўтилди.

ЎзА