Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида таниқли фотоижодкор Ҳотам Мамадалиев асарларидан иборат “Ҳиндистон ўзбек фотожурналистлари нигоҳида” номли фотокўргазманинг ёпилиши бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда иштирокчилар бундай тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

– Ушбу кўргазма атоқли ҳинд ижодкори Рабиндранат Тагорнинг таваллуд кунига ҳамоҳанг тарзда якун топаётганида ҳам ўзига хос рамзий маъно мужассам, – деди Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси маслаҳатчиси Ориф Саид. – Зеро, халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик, биродарлик алоқалари маданият, санъат, адабиёт соҳасида янада ёрқинроқ кўзга ташланади.

–  Халқимиз Ҳиндистон маданияти ва санъатига катта ҳурмат билан қарайди,–  деди Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров. – Бу жиҳатлар бизнинг оилада яққол кўзга ташланар эди. Айниқса, Луиза опам ҳинд қўшиқларини ўзгача меҳр ва иштиёқ билан ижро этарди. Кейинчалик биз ҳам Рабиндранат Тагор шеъри асосида “Сўнгги достон” қўшиғини яратдик. Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик алоқалари доим ривожланиб бораверади.

– Ушбу кўргазмада биз замонавий Ҳиндистонни кўрамиз, шунингдек у Рабиндратан Тагор сиймосига яна бир бор яқинлашиш учун ҳам имкон беради, – деди Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори, атоқли санъатшунос олима Камола Акилова. – Тагорлар сулоласи вакиллари Ҳиндистон санъати замонавий тенденциялар билан бойишига фаол ҳисса қўшганлар. Бундай кўргазмалар икки халқ дўстлигининг яна бир ёрқин намунасидир.

Айтиш керакки, ушбу кўргазма Наманганда, кейинчалик эса Ҳиндистонда ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ушбу кўргазма Тагор яшаб ўтган диёр ҳақида кенг ва атрофлича маълумот бериши билан юртимизнинг санъат ихлосмандлари учун  қизиқарли бўлди. Таниқли фотограф, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Ҳотам Мамадалиев томонидан суратга олинган фотолавҳалар ҳар бир томошабинни Ҳиндистонга мафтун этгани аниқ!

 

Назокат Усмонова,  

Рустам Назарматов (сурат),  

ЎзА