Корея Республикасига ташриф доирасида Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Xудоёр Мелиев мазкур мамлакат Коррупцияга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси ўринбосари Сенг Юн Чон билан учрашди.

Учрашувда коррупцияга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳамда соҳадаги муҳим масалалар ўзаро муҳокама қилинди.

Комиссия вакиллари ташкилотнинг фаолияти, асосий вазифа ва  функциялари тақдимотини ўтказди.

Тузилма мамлакатда коррупцияга қарши курашиш, жумладан, коррупциявий жиноятларни тергов қилиш, норма ижодкорлиги жараёнларида коррупциявий омилларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Комиссия томонидан 500 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган.

Томонлар, шунингдек, амалий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича меморандум лойиҳасини тайёрлаш ва уни имзолашга тайёрлигини маълум қилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА