Юртимизнинг яшиллик даражасини ошириш, яшил майдонларни кўпайтириш орқали атмосфера ҳавосини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кенг кўламли “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилга қадар 588 гектар “яшил боғлар”, 662 гектар “яшил жамоат парклари”, Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида жами 40 км масофада “яшил белбоғ”лар барпо этилди.

Бугунги кунда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар парламентнинг доимий эътибори ва назоратида бўлиб келмоқда. Лойиҳа доирасида белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлар томонидан тизимли парламент назорати амалга оширилмоқда.

Жумладан, Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли “Вазирлик боғ”ларининг мониторинги олиб борилмоқда. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2023 йилда ва 2024 йилнинг ўтган даврида дарахт ва бута кўчатларини экиш борасида вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати жойларга чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Хусусан, депутатлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Сойлиқ қишлоғи ҳудудида жойлашган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли “Вазирлик боғи”да бўлиб, дарахт кўчатларини экишда бевосита иштирок этди.

Куни кеча Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга ошираётган ишлар ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.

Ахборотда қайд этилганидек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2023 йил баҳор мавсумида вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва таркибий тузилмаларида 955 мингга яқин дарахт ва бута кўчатлари экилиб, белгиланган режа 104.9 фоизга бажарилган. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида жойларда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, амалга оширилаётган ишлар устидан самарали ва таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлиги қайд этилди.

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА