Бугун, 8 май куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Хитой Фуқаролик ишлари вазирлиги делегациялари ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда агентлик директори Мансурбек Оллоёров ёлғиз кексалар учун мобил хизматларини ташкил этиш, маҳалла даражасида хизматларни ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни бошлашни таклиф қилди.

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, болалар ва имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдорлигини билдирди.

Якунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Хитой томони 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ижтимоий ҳимоя: Барқарор ривожланиш ва тенглик сари йўл» мавзусидаги Бутунжаҳон конференциясида иштирок этишга таклиф этилди.

 

ЎзА