Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалаларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва давлатимиз раҳбари томонидан халқаро майдонда илгари сурилган ташаббуслар БМТ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Бу эса ушбу нуфузли тузилма билан муносабатлар изчиллик касб этаётганини англатади.

Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори вазифасини бажарувчи Консуэло Видал Брюс учрашувида айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Томонлар Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экологик муаммолар, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш масалалари диққат марказида бўлди.

К.Брюс хоним Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаб, мамлакатимизнинг БМТ билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида тизимли мулоқотни давом эттириш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, умуман, ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни давом эттиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА